Аҳмад Убайдуллаев: Мен йигитларга ишонаман!
Юртимизнинг таниқли мураббийларидан бири, ҳозирда Самарқанднинг "Динамо" клубини бошқараётган Аҳмад Убайдуллаев бугун бўладиган Ўзбекистон ва Австралия олимпиа терма жамоалари ўртасидаги учрашув ҳақида ўз фикрини билдириб ўтди.
Биласиз, ушбу мутахассис бугун майдонга тушадиган йигитларни ёшликдан тарбиялаб, вояга етказган ва улар билан Осиё чемпионати кумуш медалини қўлга киритган, Мисрда ўтказилган ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида ҳам иштирок этиб қайтган эди.
"Мен бу йигитларнинг имкониятини жуда яхши биламан. Уларнинг саралашда ана шундай кучли ўйин намойиш этишлари аввалдан ҳам аниқ эди. Улар ҳар қандай мураббий билан ҳам бу босқичдан ўтиб кета олишларига ишончим комил.
Бугунги ўйинга об-ҳаво бироз халал бериши мумкин, чунки стадион қандай ҳолатда бўлишини яхши билмайман. Аммо шундай бўлса-да, рақибга нисбатан футболчиларимизнинг имконияти кўпроқ. Ўйин вақти кўчирилишининг эса биз учун деярли аҳамияти йўқ. Мен йигитларга тўлиқ ишонаман!", — дейди Аҳмад ака, Uff.uz учун берган интервьюси чоғида.



