"Пахтакор" ФИНАЛДА!
"Пахтакор" Анзур Исмоилов ва Ихеруоме Учелар томонидан киритилган голлар эвазига, йирик 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган ҳолда Ўзбекистон кубоги 2008ни биринчи финалчисига айланди.Фарғонада бўлиб ўтган учрашувнинг ўзидаёқ навбатдаги босқич масаласини 70 фоизга ҳал этиб қайтган Равшан Ҳайдаров шогирдлари, 8-август куни "Қурувчи" билан бўлиб ўтадиган учрашув олдидан ўзига ҳос тайёргарлик ўйинини ўташ имкониятига эга бўлгандилар. Сафардаги ғалабадан таскин топган "Пахтакор" мураббийлари штаби бир қатор етакчи футболчиларига дам олиш имкониятини яратиб бергандилар. Илҳом Суюнов шу кунги учрашув қайдномасидан умуман ўрин олмаган бўлса, Одил Аҳмедов заҳира ўриндиғида қолди. Зайниддин Тожиев ҳисобидаги сариқ карточкалар 4тага етиб улгурганлиги боис, ўз-ўзидан жавоб учрашувини ўтказиб юборарди. Eтакчи футболчиларнинг йўқлигини билдирмаслик Раҳматулло Бердимуродов ва Нодир Қўзибоев каби умидли футболчилар чекига тушганди. Бу икки футболчидан ташқари Фабио Пинто ва Андрей Акопянцлар ҳам асосий таркибдан жой олгандилар.
ПАХТАКОР НЕФТЧИ 3:0 (0:0)
Тошкент. 3152 томошабин.
Голлар: А.Исмоилов (58), И.Уче (66, 84)
Ҳакамлар: А.Тамбовцев 8,3; А.Букатин 9,7; О.Толибжонов 9,6; Р.Илёсов 9,0
"Пахтакор": И.Нестеров, А.Алиқулов (А.Клецков 67), И.Иномов, Р.Бердимуродов, А.Исмоилов, Ф.Пинто (О.Аҳмедов 78), Н.Қўзибоев, Д.Маркович (В.Кирьян 46), Э.Магдеев (А.Холматов 70), А.Акопянц (С.Абдуллаев 72), Уче.
"Нефтчи": Ғ.Ҳасанов, М.Усмонов, Б.Ёқубов (И.Акрамов 76), Ғ.Жумаев, А.Алижонов, М.Низомиддинов (Н.Шамсиев 16), А.Холиқов, Ш.Ҳакимов (У.Боқиев 34), Т.Исломов (А.Ибрагимов 58), И.Коваленко (А.Бердиев 65), А.Мухитдинов.
Огоҳлантиришлар: И.Уче (26), В.Кирьян (90)
Назоратчи: А.Арутюнов
Дастлабки учрашув: 2:0
Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, Акопянцнинг иштирок этган икки учрашувидан келиб чиқиб, ярим ҳимоячининг шонли даври ҳали ортда қолмаганлигига гувоҳи бўлдик. Боиси дастлабки бўлимдаги аксар ҳавфли вазиятлар айнан Андрей Акопянц томонидан уйиштирилган рейдлардан сўнг юзага келди. Бироқ ҳужум чизиғида ёлғиз ўзи ҳаракат қилган Уче, аксар вазиятлардан унумли фойдалана олмади. Ҳужум ортида тўп сурган Фабиога эса бироз аниқлик етишмасди. Бундан "Нефтчи" футболчилари унумли фойдаланишга муваффақ бўлдилар. Юрий Саркисян шогирдлари рақибларининг бесамар ҳужумларига ҳавфли кўринишда жавоб қайтариб турдилар. Дастлаби 20 дақиқада Нестеров дарвозаси олдида қатор вазиятларга муаллифлик қилган фарғоналикларга бироз омад етишмади. Аниқроғи, Игнатий Нестеров бир неча бор ўз дарвозаси дахилсизлигини сақлай олди. 16-дақиқада Юрий Вазгенович Низомиддинов ўрнига Шамсиевни туширишга мажбур бўлди. Боиси, рақиб ҳимоячиси билан тўқнашиб кетган футболчи шифокорлар ёрдамидагина майдонни тарк этишга мажбур бўлганди. 30-дақиқада Уче икки футболчини алдаган ҳолда Пинтога аниқ "пас" оширди. Жаҳон чемпионининг узоқдан берган кучли зарбаси дарвозадан бироз тепадан ўтиб кетди. 34-дақиқада Шерзод Ҳакимов ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйишига бир бахия қолди. Қанотдан ошириб берилган тўпни жарима майдончаси ичидан узоқлаштириб юборишни мақсад қилган Ҳакимов, тўпга зарба беришда ҳатоликка йўл қўлйди, натижада тўп тўғри Ҳасанов дарвозаси сари йўналди. Фарғоналиклар бахтига Ҳасанов қийинчилик билан ҳавфни бартараф этган бўлсада, тўпни ўзида сақлаб қола олмади. Тўп шундоққина олдига тушган бўлсада, воқелар ривожи бундай тус олишини кутмаган "Пахтакор"нинг нигериялик ҳужумчиси Уче қулай вазиятдан фойдалана олмади. Тўпга зарба бериш чоғида Шерзод Ҳакимов жароҳат олган кўринади, бир дақиқа ўтмай Юрий Саркисян мажбурий равишда иккинчи ўзгаришга қўл урди. Бу орада Коваленко бир маротаба Нестеров дарвозасини ишғол қилишга муваффақ бўлганди. Бироқ ҳужумчи дарвозабонга қўполлик ишлатиш орқали муваффақият қозонганлиги боис, Андрей Тамбовцев голни инобатга олмади.
Дуранг натижа ҳам "Пахтакор"ни қаторасига 8 йил финалга олиб чиқсада, футболчилардан мухлислар учун ҳеч бўлмагандан бир маротаба гол уриш талаб этиларди. Ғайрат Ҳасанов 57-дақиқада Фабио Пинтонинг кучли зарбасини майдон ташқарисига чиқариб юборгач, "пахтакорчи"лар бурчак тўп тепиш ҳуқуқини қўлга киритдилар. Элдор Магдеев томонидан жарима майдончаси ичига етказиб берилган тўпга биринчилардан бўлиб эга чиққан Анзур Исмоилов боши билан дарвоза тўрини ишғол қилди. Голдан рухланган майдон эгаларининг навбатдаги ҳужумлари анча ҳавфли кўриниш ола бошлади. Биринчи бўлимда ишончни оқлай олмаган Уче, 66-дақиқада бир йўла уч футболчини алдаган ҳолда ҳисобни 2:0 кўринишга олиб келди. Юқоридаги ҳисобдан тўлиқ қаноат ҳосил қилган Равшан Акмалович Холматов, Клецков, Садриддин Абдуллаев ва Одил Аҳмедовларни майдонга туширди. Табиийки Аҳмедов ва Холматовларни майдонга тушиши шундоқ ҳам ташаббусга эга бўлиб турган "Пахтакор"ни тезкорлигини оширарди. 84-дақиқада Одил томонидан берилган кучли зарба, дарвоза тўсинларини жонлантириб юборди. Аввалига чап устунга теккан тўп, ўнг устун томон йўналди. Икки устун орасида аросатда қолган тўп, оҳир оқибат Уче томонидан тўр ичига йўналтирилди, 3:0 ва "Пахтакор" қаторасига 8 йил Ўзбекистон кубоги финалида.
Манба: pakhtakor.uz



