ЯНА 1:0, ЯНА 17-ДАҚИҚА
Самарқанднинг “Динамо” клуби устидан икки марта 1:0 ҳисобида ютуқларга эришиб, “Қурувчи” мамлакат кубоги ярим финалига – Олмалиқнинг ОТМК жамоаси билан кечадиган баҳсларга йўл олди.
Ўзбекистон кубоги. 1/4 финал. Жавоб учрашуви
“ҚУРУВЧИ” – “ДИНАМО” 1:0 (1:0)
Гол: Ҳайдаров 17
Огоҳлантиришлар: Агбо 50, А.Бердиев 90+1
“Қурувчи” (Тошкент): Зуҳуров, Гочгулиев, Каримов, Хвостунов, Вильянуэва, Ж.Ҳасанов (Саломов 73), Карпенко (Пономарёв 62), Ҳайдаров, Николаев, Кападзе (Жўраев 64), Жепаров
“Динамо” (Самарқанд): Горвиц, О.Бердиев, Файзиев, Кошелев, Байрамов (Акрамов 75), Агбо, М.Ҳамроев (А.Бердиев 57), Тожиев, Насимов (Нарзуллаев 46), Ж.Ҳамроев (Нуритдинов 46), Ония
Ҳакамлар: В.Коваленко 9,1. В.Шашков 9,2, А.Усмонов 9,2. Д.Каримов 9,0
Назоратчи: В.Копанев (барчаси – Тошкент)
22 июль. Тошкент. МҲСК. 3112 томошабин
Биринчи учрашув – 1:0
“Қалдирғочлар” биринчи бўлимда жудаям чиройли футбол намойиш этишди. Улар ижросидаги тезкор комбинацион ҳаракатлар кўзни анча қувонтирди. Мезбонлар Олег Горвиц қўриқлаган дарвозани ишғол этиш пайида бир неча хавфли вазиятлар уюштиришди. Лекин яқин масофалардан ҳам зарбалар аниқ чиқавермасди. Яна бир тарафдан, “Динамо”нинг 35 ёшли посбони жуда кўп ҳолатларда жамоасини муқаррар голлардан сақлаб турди. Аммо бу чаққон дарвозабон ҳам ярим ҳимоячимиз Азиз Ҳайдаровнинг узоқ масофадан – чамаси 30 метрлардан берган зарбасини тўсиб қололмади. 17-дақиқада тошкентликлар бурчак зарбасини амалга оширишди. Тўп жарима майдонига узатилгач, самарқандликлар дарвозаси олдида голга яқин хавфли вазият юзага келди. Бироқ меҳмонлар тўпни ўз жарима майдончаларидан чиқариб юборишга эришишди. Ва энди енгил нафас олмоқчи бўлганларида, “Қурувчи”нинг таянч ярим ҳимоячиси кучли зарба билан тўпни дарвоза бурчагига жудаям чиройли тарзда жойлаб қўйди.
Иккинчи бўлим бироз зерикарли ўтди. Иккала томон ҳам ёрқин ўйин кўрсата олмади. Натижада, “қалдирғочлар” яна ўша 1:0 ҳисобида зафар қучишди. Эътиборлиси, худди биринчи беллашувда бўлгани каби, учрашувдаги ягона гол бу гал ҳам яна 17-дақиқада киритилди.
Манба: pfc-kuruvchi.com



