Ўзбекистон кубоги: Алишер Азизовнинг "дубли" ва...
Термизда "Динамо-Ҳамкор" меҳмони бўлган жамоамиз 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Стадион майдонининг аҳволи ҳаминқадар эканлиги боис ҳар икки жамоа аъзолари тўпни бир-бирларига ошириш, рақибни алдаб ўтиш ва тўп учун курашишда катта қийинчиликларга дуч келишди.
Айнан шу фактор туфайли Гейнрихга биринчи тайм тугамасданоқ дам беришга мураббийлар штаби қарор қилди.
Учрашув "шерлар"нинг устунлиги остида ўтди. Биринчи хавфли вазият 11-дақиқада Жадигеровнинг зарбасидан кейин юзага келди. Асқарнинг зарбасидан сўнг тўп тўсин юқорисидан ўтиб кетди. Икки дақиқа ўтиб, Гейнрих узатган тўпни Азизов боши билан дарвоза сари йўллади, лекин Эшонқуловнинг маҳорати мезбонларни голдан қутқарди. 25-дақиқада эса ҳисоб очилди. Сашанинг навбатдаги пасидан Алишер унумли фойдаланиб, жамоамизни олдинга олиб чиқди. Биринчи тайм якунланиши арафасида Азизовнинг чалқанча тарзда берган зарбаси салгина ноаниқ бўлди.
Иккинчи бўлимда мезбонлар ҳам кескин вазиятларни содир этишди. 57-дақиқада Акмал Тўхтаев 25 метрлардан жарима зарбасини хавфли тарзда тепди. Тўпни посбонимиз Тожибоев қийинчилик эвазига қайтариб қолди. 65-дақиқада орадаги фарқ ошди. Суюнов тўпни аутдан мезбонлар жарима майдонига етказиб берди. Ҳаводаги тўпни Януш боши билан дарвозанинг олдига ташлади. Андреев эса бу ҳолатда дарвозани ишғол қилди - 0:2. Ўйин охирларида "шерлар" яна икки бор зафар қучишди. Дастлаб Януш чамаси 30 метрдан Қурбоновни доғда қолдирган бўлса, охирги дақиқада Азизов Клецковнинг тўп оширишидан самарали фойдаланиб, баҳсга якуний нуқтани қўйди - 0:4. Шу тариқа "Пахтакор" нимчорак финал йўлланмасини қўлга киритди.
"Динамо-Ҳамкор" - "Пахтакор" 0:4 (0:1)
"Динамо-Ҳамкор": Санжар Эшонқулов (Сайриддин Қурбонов 70), Темур Нуриддинов, Комил Каттақулов, Роман Халилуин, Суҳроб Ҳақназаров, Акмал Тўхтаев, Хуршид Йўлдошев, Азиз Муродов, Бобур Бўронов (Нуриддин Худойқулов 56), Ислом Чориев, Азизбек Қодиров (Сарвар Холматов 46).
Бош мураббий: Равшан Дўрмонов.
"Пахтакор": Элдор Тожибоев, Илҳом Суюнов, Мурод Холмуҳаммедов, Александр Клецков, Ғулом Ўрунов, Асқар Жадигеров (Милорад Януш 56), Дарко Маркович, Акмал Холматов (Муқим Тошматов 70), Станислав Андреев, Алишер Азизов, Александр Гейнрих (Шерзодбек Каримов 36).
Голлар: Азизов 25. Андреев 65. Януш 84. Азизов 90.
Манба: "Пахтакор" ФК сайти.



