"Навбаҳор": Илк турдаёқ йўқотиш-ми?
Учрашув бошланишидан бир неча соат олдин стадион миллионлар ўйинини соғинган мухлислар билан лиқ тўлди. Наманган вилоят ҳокими ўринбосари А.Султонов 19-миллий чемпионатимиз бошланиши билан мухлисларни табриклади ва ҳар икки жамоа аъзоларига жорий мавсумда омад ёр бўлишини тилади.
Жамоалар сардорлари - Алексей Хромцов ҳамда Дилявер Ваниевлар миллий чемпионатимиз байроғини кўтаришди.
Шу куни ўйингоҳга тўпланган ишқибозлар севимли жамоаларининг ғалабасидан умидвор эдилар. Чунки бу йил жамоанинг мураббийлар штаби ва таркибида катта ўзгаришлар юз берганди. Бироқ...
Баҳснинг биринчи бўлими мезбонлар устунлигида ўтди. Айниқса, украиналик легионерлар фаол тўп суришга интилишди. Аммо уларда ҳаяжон устунлик қилдими, юзага келган хавфли вазиятлардан самарали фойдалана олишмади. Максим Кривий, Раҳматулло Бердимуродов ва Юрий Целихларнинг зарбаларига аниқлик етишмади. Ҳужумлар кўп ҳолларда якунига етмади. Муборакликлар танаффусгача асосан ҳимоявий усулни қўллаб, ўз бахтларини қарши ҳужумлардан излашди.
Иккинчи бўлимни Баҳодир Давлатов шогирдлари фаол бошлашди ва Олег Горвиц дарвозаси олдида хавфли вазиятларни вужудга келтиришди. Воҳаликларнинг ҳужумларидан бирида Азамат Бобожоновнинг зарбасини наманганликлар посбони Горвиц қийинчилик билан бартараф этди. Ҳар икки жамоа мураббийлари ўйинда бурилиш ясаш мақсадида таркибда бир қатор ўзгаришларни амалга оширишди. Аста-секин майдон эгалари ташаббусни яна ўз томонларига оғдиришди. Захирадан майдонга туширилган «Навбаҳор» ҳужумчиси Баҳодир Пардаевнинг икки зарбаси ноаниқ чиқди. 80-дақиқада эса Элёр Жаҳонов тепган тўп дарвоза устунига тегиб қайтди. Унга биринчи бўлиб етиб келган Дилшод Шарофутдинов эса очиқ қолган дарвозани ишғол қилолмади. Ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтда эса Бердимуродовнинг зарбасига бироз аниқлик етишмади.
Шу тариқа «Навбаҳор» илк турдаёқ ўз майдонида икки очко йўқотди. «Маш-ъал»аксинча, мақсадига эришди, дейиш мумкин.
«Навбаҳор»-«Машъал»-0:0
13 март. Наманган. 21541 томошабин.
Ҳакамлар: С.Зайлобиддинов-8,5; Н.Тошматов-8,6; Р.Серазитдинов-8,4; Д.Каримов-9,0.
«Навбаҳор»: О.Горвиц, А.Половков, Р.Бердимуродов, С.Мамадалиев, М.Кривий (О.Валижонов, 55), Ю.Целих (Д.Абибуллаев, 84), А.Маҳмудов (Б.Пардаев, 61), Т.Султонов, А.Хромцов, Д.Шарофутдинов, Э.Жаҳонов.
«Машъал»: Ж.Нарзиқулов, Д.Ваниев, А.Холецкий, А.Стахив, К.Израилов, Ф.Мусаев (А.Шадрин, 35), Г.Сапаргалиев (И.Ильин, 88), С.Қуттибоев, А.Бобожонов, Г.Имидадзе (А.Гребенюк, 64), Д.Чиладзе.
Огоҳлантиришлар:
Ю.Целих (66), Т.Султонов (76), О.Половков (78) - А.Халецкий (74), Г.Сапаргалиев (81).
Баҳодир Давлатов («Машъал» бош мураббийи): - Аввало, барча мухлисларни янги футбол мавсуми билан табриклайман. Ўйин ҳақида тўхталадиган бўлсам, жамоамиз ҳимояси бугун қаҳрамонлик кўрсатди. Ҳужумда эса ишимиз юришмади, лекин дуранг натижа бизни қониқтирди. Менимча, стадиондаги босим йигитларга ўз таъсирини кўрсатди. Ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, 20 мингдан зиёд мухлис қаршисида ўйнаш осон эмас. Наманганлик ишқибозлар жамоаларини астойдил қўллаб, 12-футболчи вазифасини аъло даражада бажаришди.
- Қайси футболчиларни алоҳида тилга олиб ўтишни истардингиз?
- Биз Наманганда 0:0 ҳисобини қайд этган эканмиз, бу барча футболчиларнинг астойдил ҳаракат қилганликларидан далолат беради. Хатолар ҳам бўлди, лекин ҳеч ким ўйиндан четда қолмади. Учрашув қийин кечишини олдиндан билган ва шунга яраша тайёргарлик кўргандик. Виктор Романович яхши жамоа шакллантиришга эришибди.
- Яширмайман, ғолиб чиқиш, ҳеч бўлмаганда, дурангга эришишни режалаштиргандик. Мезбонларда ҳам, бизда ҳам қулай вазиятлар юзага келди. Ўйлайманки, дуранг адолатли натижа бўлди.
- Клуб раҳбарияти жорий мавсумда жамоа олдига қандай вазифа қўйган?
- Асосий вазифа - чиройли ўйин намо-йиш этиб, мухлислар ишончини қозониш. Албатта, ўтган йилдагидан кўра яхшироқ натижа қайд этишни мақсад қилганмиз.
- Жамоанинг жанговар эканлиги кўриниб турибди, етакчилари ҳам бор. Аммо мен кўпроқ ўз жамоам ўйинларини кузатдим. Биз ўз ўйинларимиз ҳақида ўйлашимиз, ҳаракатларимизни таҳлил қилишимиз керак.
- Иккинчи бўлимда захира ҳисобига чап қанот ҳужумини кучайтиришга ҳаракат қилдингиз. Сизнингча, буни уддаладингизми?
- Қанот ярим ҳимоясида тўп сурган Алишер Маҳмудов жуда фаол ҳаракат қилди, шу боис бироз чарчаб қолганди. Ўзи жамоавий футболда қанот ҳимоя ва ярим ҳимоячиларга кўпроқ «нагрузка» тушади. Албатта, янги кучлар билан ўйинни кучайтиришга интилдим. Лекин захирадан майдонга тушганлар кўзланган мақсадни амалга ошира олишмади. Эҳтимол, барвақтроқ ўйинчиларни алмаштирганимда яхши бўлармиди...?
Манба: "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.



