“Нефтчи”: Исоқовдан «дубль» ва ажойиб ғалаба
«Нефтчи» устози Юрий Саркисян ўйиндан олдин таркиб борасида муаммога дуч келгани боис, беш йиллик танаффусдан сўнг қадрдон клубига қайтган тажрибали ҳужумчи Умид Исоқовга дастлабки дақиқаларданоқ ишонч билдирди.
Шуни таъкидлаш лозимки, Умид мураббий ишончини ортиғи билан оқлаб, «дубль» муаллифига айланди.
Учрашув асосан майдон марказида кечди. Имкон туғилди дегунча, жамоалар ҳужумга ўтишга ҳаракат қилишди. «Машъал» футболчилари эътиборларини кўпроқ ҳимояга қаратиб, қарши ҳужумлардан фойдаланишга интилишди. Илк дақиқалардан ҳужумга зўр беришган майдон эгалари эса 11-дақиқадаёқ ҳисобни очишди. Азиз Алижоновнинг чамаси 20 метрлар узоқликдан амалга оширган жарима зарбасидан сўнг тўп дарвоза тўсинига тегиб қайтди. Унга эга чиққан Ёқубов жамоадоши Боқиев билан чиройли комбинация уюштирди ва якунда тўп ҳаволатиб Исоқовга оширилди. Умиднинг бош билан йўллаган зарбасидан сўнг дарвоза тўри қалқиди - 1:0. Танаффусга саноқли дақиқалар қолганида Саркис-ян шогирдлари ҳисобдаги фарқни иккитага оширишди. Гол муаллифи - Анвар Бердиев.
Иккинчи бўлимнинг дастлабки дақиқаларида фарғоналиклар ҳисобнинг йирик кўриниш олишини таъминлашди. Иккита тўп ўтказиб юборилганидан сўнг олдинга боришга мажбур бўлишган муборакликлар «офсайд» ҳолатини вужудга келтиришда хатога йўл қўйишди. Бундан самарали фойдаланган Алижонов тўпни жарима майдончаси ичида ёлғиз қолдирилган Исоқовга аниқ етказиб берди. Дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиққан Умид бу сафар ҳам имкониятни қўлдан чиқармади - 3:0. Учрашувнинг сўнгги дақиқаларида Баҳодир Давлатов шогирдлари ҳеч бўлмаса, ҳисобни қисқартириш учун ҳужумга зўр беришди. Аммо «Нефтчи» ҳимоячилари яхши ўйин кўрсатиб, ўз майдонларидаги иккинчи учрашувни ҳам чиройли ғалаба билан якунлашди.
Ҳакамлар: В.Цейтлин-8,8; Т.Абдуллаев-9,2; Ж.Саидов-8,6; Ш.Бозоров-8.
Голлар: У.Исоқов (11, 50), А.Бердиев (42).
«Нефтчи»: Х.Чилматов, М.Усмонов, Б.Ёқубов, М.Саидов, А.Алижонов, У.Боқиев, А.Бердиев (Ф.Бобоқулов, 84), У.Исоқов (Акм.Холиқов, 72), И.Тўхтахўжаев, С.Асқаралиев (И.Бобохонов, 77), А.Муҳиддинов.
«Машъал»: Ж.Нарзиқулов, Д.Ваниев, А.Холецкий (С.Қуттибоев, 56), А.Стахив (И.Ильин, 46), К.Израилов, А.Шадрин, А.Гребенюк, Г.Сапаргалиев, А.Шодмонов (Г.Имедадзе, 73), А.Бобожонов, Д.Чигладзе.
Огоҳлантиришлар: Б.Ёқубов (40) - А.Бобожонов (15), А.Холецкий (22).
Назоратчи: Е.Казаков.
IF версияси бўйича ўйиннинг энг яхши футболчилари: М.Усмонов - А.Шадрин.
Баҳодир Давлатов («Машъал» бош мураббийи): - Ҳимоядаги хатоларимиз эвазига мағлубиятга учрадик. Аввалги уч турда дарвозамиздан бирорта тўп ўтказиб юбормагандик. Бугун шогирдларимга нима бўлди, ҳайронман? Начора, энди буни чуқур таҳлил қилиб, кейинги ўйинларда хатоларга йўл қўймасликка ҳаракат қиламиз.
Юрий Саркисян («Нефтчи» бош мураббийи): - Икки йилдан буён мавсум арафасида қийинчиликларга дуч келяпмиз. Бугун ҳам таркиб борасида маълум муаммолар туғилди. Аввалги турда «Насаф»га қарши кечган баҳсда Алишер Холиқов жароҳат олган бўлса, Юрий Цой энди-энди ўзига келяпти. Кечаги машғулотларда эса Иқбол Акрамов сафдан чиқди, Сардор Мирзаев ҳам ҳали жароҳатидан фориғ бўлмади. Қийинчиликларга қарамай, биз ўз ўйинимизни кўрсатишга уриндик ва буни уддаладик. Мен Умид Исоқов учун хурсандман. Биринчидан, у яна ўз ўйинини топмоқда, иккинчидан, голлари ғалабамизни таъминлади.
Манба: "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.
Манба: "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.



