“БУНЁДКОР”ГА ЧЕМПИОНЛИК КУБОГИ ТОПШИРИЛДИ...
Чемпионлик масаласини муддатидан аввал чемпионат тугашига уч тур қолганида ижобий ҳал қилган “Бунёдкор” мавсумнинг сўнгги ўйинини ўз майдонида ўтказди. Чемпионлик борасида “покер”га эришган “қалдирғочлар”
20-миллий чемпионат баҳсларини ижобий тарзда ўтказган Муборакнинг “Машъал” жамоасини қабул қилишди. Шу куни “Жар” стадионига ташриф буюрган ишқибозлар бир қатор қизиқарли, ранг-баранг шоу-дастурлар, элимиз суйган хонандаларнинг дилтортар тароналари, “омадли чипта” акцияси ҳамда ўйиндан сўнг ташкиллаштирилган “чемпионлик оқшоми” тадбирларидан баҳраманд бўлишди. Учрашув бошланиши олдидан Шоҳжаҳон Жўраев ва Лариса Маскалёва ижросидаги концерт дастури намойиш этилди.
Мазкур ўйин аҳамияти жиҳатидан кўпроқ меҳмонларга муҳим эди. Боиси, “Машъал” жамоасида назарий жиҳатдан ОФК Кубогида қатнашиш ҳуқуқини берувчи 4-ўрин учун курашиш имконияти сақланиб қолганди. Фақат бунинг учун пареллел равишда ўтаётган ўйинда “Нефтчи” ўз майдонида “Олмалиқ”қа имкониятни бой бериши ва аксинча муборакликлар “Бунёдкор”ни мағлуб этишлари талаб этиларди. Амалда бундай бўлмади. Аниқроғи, Юрий Саркисян шогирдлари бунга йўл қўйишмади. Ким ҳам оғзидаги ошни олдиришни истарди? Боз устига Миржалол Қосимов жамоаси ҳам мавсумдаги сўнгги ўйинида, ўз мухлислари кўз ўнгида, чемпионлик оқшомида рақибга уч очкони тақдим этиши мантиққа тўғри келмасди. Қолаверса, Бекобод ва Косонсойдаги кетма-кет икки мағлубиятдан кейин учинчиси ортиқча бўларди.
Ҳар икки мураббий ўйинга ўзининг жанговор таркибини туширди. Қосимов биргина жамоа сардори Виктор Карпенкога дам беришни лозим топди. 22-рақам эгаси фақат ўйиннинг сўнгги дақиқасида чемпионлик кубогини қабул қилиб олиши учун майдонга туширилди. Балки Миржалол Қўшоқович Карпенкога терма жамоамизнинг остонада турган икки муҳим ўйини олдидан дам беришни лозим топгандир. Бош мураббий бошланғич таркибда уч нафар ҳужумчини майдонга туширди. Табиийки, учрашув майдон эгаларининг кескин ҳужумлари билан бошланди. Лекин дастлабки ҳавфли вазият 13-дақиқага келибгина содир этилди. Алик Ҳайдаровнинг саъй-ҳаракатлари эвазига ҳавф бартараф этилди. 29-дақиқа. Ўнг қанотдан жарима майдони ичига узатилган тўпга на Трифунович ва на Мурзоевлар пешвоз чиқишди. Аниқроғи, ҳар икки ҳужумчи бир-бирларига ишониб, қулай вазиятни йўққа чиқаришди. 35-дақиқада Милош ҳисобни очишга жуда яқин келганди. Аммо бу вазиятда миллий чемпионат тўпурарига совуққонлик етишмади. 38-дақиқа. Иброҳимов – Саломов комбинацияси жуда ҳавфли чиқди. Жавлондан тўпни қабул қилиб олган Шавкат чап қанотдан жарима майдонига ёриб кириб дарвоза томон зарба берди. Бироқ тўп ташқи томондан дарвоза тўрига бориб тушди. 41-дақиқа. Иброҳимовнинг кучли ва аниқ зарбасини олимпия терма жамоамиз посбони Санжар Қувватов қайтариб қолди. Бу биринчи бўлимдаги сўнгги ҳавфли вазият бўлиб қолди. Танаффус чоғида мураббийдан керакли кўрсатмаларни олган майдон эгалари ҳужумлари сони ва сифатини оширишди. Лекин иккинчи бўлимдаги дастлабки ҳавфли вазият Игнатий Нестеров дарвозаси олдида юзага келди. 50-дақиқада тажрибали ҳужумчи Зафар Ҳолмуродов жуда қулай вазиятдан фойдалана билмади. 53-дақиқа. Чамаси 30 метрлар узоқликда белгиланган жарима зарбасини Анвар Ғофуров амалга оширди. Ҳимоячининг кучли ва аниқ зарбасини Қувватов эгаллаб олди. Ниҳоят, 58-дақиқага келиб ҳисоб очилди. Рақиб жарима майдончаси ичида бирин-кетин ҳимоячиларни ортда қолдирган Анвар Ражабов чиройли гол муаллифига айланди. 9-рақам эгаси худди машғулотлардагидек енгил ҳаракатлари эвазига осонлик билан дарвозани ишғол қилди – 1:0. Владимир Фомичев шогирдлари ўтказиб юборилган голдан ўзларига келиб улгурмай иккинчи тўпни ҳам ўз дарвозаларидан олиб чиқишга мажбур бўлишди. Ҳимоячилар назаридан четда қолиб кетган Трифунович дарвозабоннинг ўнг бурчагини аниқ нишонга олди – 2:0. Бу голдан сўнг “Машъал” футболчилари анча сергак тортишди. 65-дақиқа. Ботир Қодирқуловнинг чап оёқда берган айланма зарбасини Нестеров моҳирлик билан эгаллаб олди. 68-дақиқа. Заҳирадан майдонга туширилган Урош Милосавлевич қулай вазиятни кўкка совурди. 76-дақиқа. Анвар Солиев чап қанотда бир ҳимоячини ортда қолдириб, тўпни қарама-қарши қанотда жарима майдонига ёриб кираётган Трифуновичга узатди. Лекин Санжар вазиятни назорат қилиб тургани боис тўпни Милошга етиб боришига йўл қўймади. Акс ҳолда таблодаги ҳисоб янада йириклашиши муқаррар эди. 81-дақиқа. Заҳиридан ўйинга қўшилган Мирзоҳид Ғофуровда қулай вазият юзага келганди. Лекин 11-рақам остида ҳаракат қилаётган ҳужумкор ярим ҳимоячига тажриба панд берди. Ўйиннинг қолган дақиқалари анча сокин тарзда ўтди ва ҳисоб бошқа ўзгармади. “Бунёдкор” 20-миллий чемпионатимизнинг сўнгги учрашувида ишончли ғалабани қўлга киритди. Ўйин якунланганидан сўнг ҳар икки жамоа сардорлари Виктор Карпенко ва Дилявер Ваниев Ўзбекистон мадҳияси садолари остида 20-миллий чемпионат байроғини туширишди. Шундан сўнг мавсум ғолибларига чемпионат олтин медаллари ва кубок топширилди. Махсус буюртма асосида Италияда тайёрланган улкан кубокни “Бунёдкор” сардори Ўзбекистон ПФЛи бош директори Фарҳод Магометов қўлидан тантанали равишда қабул қилиб олди. “Қалдирғочлар” қаторасига тўртинчи бор чемпионлик шохсупасига кўтарилишди.
Биз тантанали маросим якунланганидан сўнг эксклюзив тарзда ҳар икки жамоа бош мураббийлари ва футболчилардан интервью олдик.
Ҳакамлар: Р.Бобомурадов – 8.8; А.Снетков – 9,0; Н.Тошматов – 8,8; М. Муҳаммедов – 9.
“Бунёдкор”: И.Нестеров, А.Шораҳмедов, С.Жоржевич, А.Ғофуров, Ж. Иброҳимов, А.Жадигеров (У.Милосавлевич, 60), Ш.Саломов, С.Жўраев, К.Мурзоев (А.Солиев, 72), А.Ражабов (В.Карпенко, 88), М.Трифунович.
“Машъал”: С.Қувватов, А.Ҳайдаров, Д.Ваниев, М.Мўминов, С.Шодмонов (М.Ғофуров,76), И.Петкович, Г.Сапаргалиев, А.Шодмонов (Ш.Муҳаммадиев, 46), Д.Станасевич, Б.Қодирқулов, З.Холмуродов (Э.Эргашев, 68).
Владимир ФОМИЧЕВ, “Машъал” жамоаси бош мураббийи:- Авваламбор, ўзбекистонлик барча футбол ишқибозларини 20-миллий чемпионат баҳслари якунланганлиги ва Қурбон Ҳайити байрами билан табриклайман. Биз мавсумни “Бунёдкор”га қарши ўйин билан бошлагандик. Бугун айнан шу жамоага қарши учрашув билан чемпионатни якунладик. Учрашувга тўхталадиган бўлсам, ўйин тенг курашлар остида бошланди. Майдон эгалари кетма-кет икки мағлубиятдан сўнг ғалаба қозонишни мақсад қилишганди. Ўз ўрнида бизда ҳам мавсумни кучли тўртликда якунлаш учун назарий жиҳатдан имкониятлар сақланиб қолган эди. Лекин тўрт кун аввал “Шўртан”га қарши кечган принципиал дербидан сўнг футболчиларимиз тўлиқ тикланала олишмагани бугун панд бериб қўйди. Кейин “Бунёдкор” вакилларида ғалабага бўлган иштиёқ кучлилик қилди. Иккита қўпол хато эвазига тўп ўтказиб юбордик. Шундай бўлсада, мен шогирдларимнинг кўрсатган ўйинидан қониқиш ҳосил қилдим..
Миржалол ҚОСИМОВ, “Бунёдкор” бош мураббийи: -Бу йил жамоамиз учун ўтган мавсум билан таққослаганда оғирроқ бўлди. Ҳар доим ҳам чемпионлик унвонини ҳимоя қиладиган жамоа учун мавсум осон кечмаган. Ҳориж чемпионатларида ҳам бу ҳолат яққол кўзга ташланади. Очиғи, йил бошида жамоа бўладими, йўқми деган саволлар ҳам юзага келганди. Фурсатдан фойдаланиб, мамлакатимиз раҳбариятига жамоамиз номидан улкан миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Муҳтарам Президентимизнинг қарорлари нафақат бизга, балки олий лиганинг бошқа жамоаларига ҳам ас қотди. Клубларга ҳомийлар бириктириб берилди. Қолаверса, ЎФФ президенти Мираброр Усмонов ҳам мамлакатимиз футболи ривожига катта хисса қўшдилар. Гарчи мавсум тугашига уч тур қолганида чемпионлик масаласини ҳал қилган бўлсакда, бунга осонлик билан эришганимиз йўқ. ....
Давоми бор. Мазкур материал давомини ҳамда бошқа қизиқарли эксклюзив мақолаларни "ИнтерФУТБОЛ"нинг 8 ноябрь кунги сешанба сонида ўқишингиз мумкин.
Сурат муаллифи: Анвар Нодиров.Манба: "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.



