ЎЗБЕК ФУТБОЛИНИНГ 100 ЙИЛЛИК ТЎЙИГА БАҒИШЛАНАДИ: ХХ аср бошидан шу кунгача...
Маълумки, миллий футболимиз ўзининг юбилей - 100 йиллик тўйини нишонлаш арафасида турибди. Яъни узоқ 1912 йилда бошланган тарихга бир аср тўляпти. Айнан шу юбилей муносабати билан нодир китоб чоп этишга тайёрланмоқда.
У миллий футболимизнинг таниқли тарихчиси Владимир Сафаров қаламига мансуб. Айтиш жоиз, китоб ўзига хос илмий-тадқиқот ва адабий асар бўлиб, ниҳоятда катта маълумотлар манбаи ҳамдир. Баралла айтиш мумкин, миллий футболимиз теварагидаги воқеаларнинг кўп қиррали баёни мамлакатимиздаги мухлисларни сира бефарқ қолдирмайди. Шу ўринда InterFutbol ўқувчиларига анонс: газетамизнинг кейинги сешанба сонидан бошлаб, китобнинг айрим бобларидан қизиқарли парчаларни бериб борамиз. Ўйлаймизки, футболимиз тарихи ҳақидаги маълумотлар ҳар бир мухлисни қизиқтиради. Ўз ўрнида катта ишга қўл урган устоз журналист, қимматбаҳо асар (албатта, китобни асар ўрнида қабул қилсак арзийди) муаллифига сўз беришни лозим топдик.
- Ушбу китобни чоп этишдан мақсад - тарихий ва хронологик далилларга асосланиб, Ўзбекистонда футболнинг пайдо бўлиши ва ривожланиш жараёни ҳақида ҳикоя қилиш. Табиийки, 1912-2011 йиллар ораси, яъни 100 йил давомида Ўзбекистон терма жамоалари ва клублари иштирок этишган турли мусобақалар - чемпионатлар, кубок баҳслари, хилма-хил турнирлар, ўртоқлик учрашувлари тарихига кенг эътибор қаратилган. Ҳар қандай солнома инсонлар томонидан ёзилади. Бизнинг асаримиз эса футбол кишилари иштирокида яратилган. Ўзига хос маълумотлар тўпламида шунингдек, етук футболчиларимиз, мураббийлар, миллионлар ўйини ташкилотчилари, яъни 300 нафардан кўпроқ кишини ўз ичига олган «Шуҳрат зали» вакиллари ҳақида батафсил ҳикоя қилинган. Албатта, ушбу рўйхат шахсий текширувларим маҳсули. Бошқача айтганда, субъектив нуқтаи назарга эга. У қисман архив маълумотлари асосида тузилган, лекин бунда шахсан мен билган ва таниган футболимиз намояндаларининг фикрларию, ҳикоялари асосий мезон сифатида олинган.
Бундан ташқари, китобда йирик статистик маълумотлар берилган. Тўғри, аввалги йилларга боғлиқлари нисбатан тўлиқ эмас, охирги 10 йилликка доирлари эса етарли даражада мукаммаллик касб этади. Умуман, китобда Ўзбекистон клублари иштирок этган чемпионатларнинг якуний ҳолати акс этган 100тадан ортиқ жадвалга жой ажратилган.
Ўз ўрнида айтишим жоиз, ўзбек футболининг 80 ва 90-йиллигига атаб ёзган мақолаларим ҳам қайта берилган. Албатта, ўз ҳолича эмас, балки тўлдирилган ва аниқлаштирилган тарзда. Айни шу чоғда миллий футболимизнинг ҳақиқий энциклопедиясини яратишда ёрдам беришган, ҳамкорлик қилишган ва бевосита китобнинг ёзилишида иштирок этишган дўстларим - қизиқиш бўйича менга ҳамкасб саналадиган танишларимга миннатдорчилик билдиришим керак. Булар - ФИФА тарихи ва статистикаси қўмитаси аъзоси Николай Травкин, буюк ўйин тарихи ва статистикаси билан қизиқувчи журналистлар - Юрий Ландер (Харьков), Владимир Колос (Уфа), Вадим Серўй (Николаев), Евгений Довгуцкий (Санкт-Петербург), Александр Прасоленко (Павлодар)... Улар узоқ йиллар давомида турли нашрларда Ўзбекистон заминида футболнинг оммалашуви йўлида самарали меҳнат қилишган. Китобнинг яратилишида яна А.Навоий номидаги давлат кутубхонаси газета жамғармаси архиви, шунингдек, Лев Филатов ва Константин Есенин (Москва) маълумотларидан ҳам фойдаланилган.
Маълумки, Сергей Арутюнов, Евгений Валицкий, Ахбор Имомхўжаев, Сергей Мурунов, Геннадий Ермаков, Яков Капров, Наримон Жалолов каби ўзбек футболи жонкуярлари бизга, ҳозирги кунга катта ҳажмдаги маълумотларни етказиб келишди. «Пахтакор» жамоасининг кўплаб фахрийлари ва катта ёшдаги футбол ихлосмандлари хусусида ҳам худди шундай дейиш мумкин. Албатта, муаллиф сифатида уларга ҳам чексиз ташаккур изҳор этаман. Китобни тайёрлашда мамлакатимиздаги спорт нашрларида ишлаётган кўплаб журналистлар ҳам иштирок этишганини алоҳида тилга олишим керак. Қисқаси, ҳамкорлик қилган барча-барчага катта раҳмат!
Энциклопедия жами 42та бобдан иборат. Дастлабки 8таси 80 йиллик тарихни ўз ичига олган. Яъни ҳар бир 10 йиллик (1912-1921, 1922-1931 ва ҳоказо..., охири - 1982-1991)ка битта қисм ажратилган. Кейинги 20та боб - мустақил Ўзбекистон футболининг 20 мавсуми тавсифи. 29-бобда ўзига хос «Шуҳрат зали» ўрин олганки, унда биографик маълумотлар ўзбек футболи тараққиёти ва оммалашувига муносиб ҳисса қўшишган футболчилар, мураббийлар ва функционерлар суратлари билан тўлдирилган. Кейинги қисмларда Ўзбекистон миллий, олимпия, ёшлар ва ўсмирлар термалари, мини-футбол, аёллар футболи ҳамда ногиронлар жамоалари ҳақида сўз боради. Алоҳида боблар эса клубларимизнинг Осиё ареналари ва Ҳамдўстлик кубогидаги иштирокларига бағишланган.
Футбол ранглари сержило ва хилма-хил. Қисқаси, энциклопедияда Ўзбекистонда шу буюк спорт турининг пайдо бўлиши ва тараққиёти йўлидаги воқеалар кенг ёритилган. Ҳозирда китоб чоп этишга тайёрланмоқда. Шунинг учун муаллиф сифатида футбол мухлисларидан қандайдир фикр-мулоҳаза ёки тўлдирувчи маълумотлар тушса, бундан бошим осмонга етарди. Келинг, барчамиз севадиган, ардоқлайдиган ўйин тарихини биргаликда ёзайлик. Зеро, футбол дунё тургунча ривожланиб, қанот ёзиб бораверади.
МУАЛЛИФ - ВЛАДИМИР САФАРОВ ҲАҚИДА
Владимир Ашотович мана, 50 йилдан кўпроқ вақт давомида Ўзбекистон футболи тарихини ўрганиш билан банд. «Пахтакор» ташкил этилган 1956 йилдан буён жамоанинг тарихчиси ва шунчаки, мухлиси. 30 йилдан ошибдики, «Спорт» («Физкультурник Узбекистана») газетаси жамоатчи мухбири сифатида фаолият юритмоқда. Даврий нашрларда 3000дан ортиқ мақолалари чиққан.
В.Сафаров муаллифлигида чоп этилган китоблар:
1. «Пахтакор»: матчи, которўе не забить...» (Тошкент, 1990 йил)
2. «Пахтакор»: матч длиною в 40 лет» (Тошкент, 1996 йил)
3. «Талант особого рода» (Геннадий Красницкий ҳақида, Тошкент, 2000 йил)
4. «Бетакрор истеъдод соҳиби» (Геннадий Красницкий ҳақида, Тошкент, 2000 йил)
5. «Футбол братьев Ан» (Тошкент, 2002 йил)
7. «Крилья памяти» («Пахтакор-79» ҳақида, Тошкент, 2004 йил)
10. «Феномен Юрия Саркисяна: жизнь в футболе» (Тошкент, 2007 йил)
11. «Легенда узбекского футбола» (Биродар Абдураимов ҳақида, Тошкент, 2009 йил)
13. «Хамид Рахматуллаев - узбекский Пеле» (Тошкент, 2011 йил)
Владимир Сафаров 2000 йили Ўзбекистон футбол федерацияси томонидан «Йилнинг энг яхши журналисти», деб топилган ва махсус мукофот билан тақдирланган.
Қизиқишлари - жаз мусиқаси, 1954 йилдан буён фортепиано чалади, Тошкент жаз-клуби президенти, «Ака-ука Сафаровлар ва уларнинг дўстлари» жаз-ансамблининг раҳбари.
Ижтимоий фаолияти -Ўзбекистондаги Арман маданияти маркази аъзоси (1993 йилдан).



