Танишинг рақибимиз: ТАЖРИБАЛИ «ОЛИРУЗЛАР»
Сизга яхши маълумки, 5 февраль куни олимпия терма жамоамиз Тошкентдаги «Жар» стадионида австралиялик тенгдошларига қарши майдонга тушади.
Олимпиячиларимиз «яшил қитъа» вакиллари билан ўтган йилнинг 27 ноябрь куни Сиднейда куч синашишган ва ўша баҳсда ҳисоб очилмаганди. Бу сафар эса Вадим Абрамов шогирдларининг «олирузлар» устидан зафар қучишларига умид қилиб қоламиз.
Таъкидлаш жоизки, австралияликлар миллий терма жамоамиз учун анча ноқулай рақиб ҳисобланишади. Шу кунгача бош жамоамиз «соккерузлар» билан уч марта куч синашиб, барчасида мағлубиятга учраган (0:1, 0:2, 0:6) Бу борада ёшларимиз ва ўсмирларимизнинг омадлари чопган. Ёшларимиз австралиялик тенгдошларига қарши майдонга тушиб, дурангга эришишган бўлса (1:1), ўсмирларимиз аввал Осиё чемпионати (2:1), кейин эса Мексикада бўлиб ўтган мундиалда (4:0) «яшил қитъаликлар» устидан зафар қучишганди.
Австралия олимпия терма жамоаси 1956 йили ташкил топган. Миллий термага монанд равишда олимпия термасини «олирузлар» дейишади. 1956 йили Австралиянинг йирик шаҳарларидан бири бўлган Мельбурнда ёзги Олимпиада ўйинлари бўлиб ўтган ва мусобақа мезбонлари кутилмаганда чорак финалда ҳиндистонликларга ютқазиб қўйишганди - 2:4. Умуман олганда, австралияликлар шу кунгача Олимпиада ўйинларида жами 7 марта иштирок этишган ва бу борада тажрибали ҳисобланишади. 1956 йилги Мельбурндаги турнирдан кейин 1988 йилгача бўлган Олимпия ўйинлари «яшил қитъа» вакилларисиз ўтди. Айнан ўша йили Жанубий Корея пойтахти Сеулда навбатдаги Олимпиада ўйинлари ўтказилди. «Олирузлар» гуруҳ баҳсларида Югославия (1:0) ва Нигерия (1:0) термалари устидан ғалаба қозониб, бразилияликларга (0:3) имкониятни бой беришди. Чорак финалда эса кейинчалик ўша мусобақа ғолибига айланган собиқ иттифоқ термасига қарши майдонга тушиб, йирик ҳисобда мағлубиятга учрашди - 0:3.
1992 йили Барселонада бўлиб ўтган Олимпиада ўйинлари эса «олирузлар» учун анча омадли келиб, улар илк маротаба ярим финалга қадар етиб боришди. Гуруҳ баҳсларида Дания термаси (3:0) устидан йирик ҳисобда устун келишган австралияликлар мексикаликлар билан дурангга имзо чекиб (1:1), ганалик тенгдошларидан мағлубиятга учрашди - 1:3. Чорак финалда эса швецияликлар доғда қолдирилди - 2:1. Ярим финалда польшаликлар австралиялик тенгдошларига ҳеч қандай имконият қолдиришмади - 6:1. Бу эса «олирузлар» тарихидаги энг йирик мағлубият сифатида қайд этилади. 3-ўрин учун бўлган баҳсда ганаликлар яна бир бор эски рақибларини доғда қолдиришди - 1:0.
1996 йили АҚШнинг Атланта шаҳрида бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида «яшил қитъа» вакиллари омадсизликка учраб, гуруҳ баҳсларидан кейиноқ ортга қайтишга мажбур бўлишганди. Ўшанда Франция (0:2) ва Испания (2:3) термаларидан мағлубиятга учрашган «яшил қитъаликлар» саудияликлар устидан ғалаба қозонишганди - 2:1. Бироқ бу ютуқ кейинги босқичга чиқиш учун камлик қилганди.
2000 йилги ёзги Олимпиада ўйинлари айнан Австралияда - Сидней шаҳрида ўтказилди. Бироқ ўз майдонларида ўтган турнирда «кенгурулар» мухлислар ишончини оқлашолмай, яна гуруҳ баҳсларидаёқ мусобақа билан хайрлашишди. Ўтказилган барча учрашувда мезбонлар мағлубиятга учрашди. «Олирузлар» Италия (0:1), Нигерия (2:3) ва Гондурас (1:2) олимпиячиларидан енгилишди. 2004 йили Греция пойтахти Афинада бўлиб ўтган Олимпиадада Австралия олимпиячилари чорак финалга қадар етиб боришди ва ўша босқичда ироқликлардан енгилишди - 0:1. Гуруҳ баҳсларида эса сербияликлар устидан йирик ҳисобда ғалаба қозониб (5:1), тунисликлар билан дурангга имзо чекишган (1:1) ва аргентиналиклардан енгилишганди - 0:1.
Бундан тўрт йил олдин Хитой пойтахти Пекинда бўлиб ўтган Олимпия ўйинлари ҳам «олирузлар» учун омадсиз якунланиб, улар гуруҳ баҳсларидан кейиноқ мусобақа билан хайрлашгандилар. Пекинда «яшил қитъа» вакиллари Аргентина (0:1) ва Кот-д`Ивуар (0:1) олимпиячиларидан мағлубиятга учраб, сербиялик тенгдошлари билан муроса йўлини танлашганди - 1:1.
Австралия олимпия терма жамоасини Аурелио Видмар бошқармоқда. У 1967 йилнинг 3 февралида Австралиянинг Аделаида шаҳрида туғилган. Демак, вакилларимизга қарши ўйин арафасида, яъни бугун Видмар ўзининг 45 ёшини қарши олади. У 1985 йилдан 2004 йилгача футболчи сифатида фаолият юритиб, бир қатор хориж клубларида ҳам тўп сурган. Фаолияти давомида жами 517та ўйинда майдонга тушиб, 127та гол урган. Австралия терма жамоасида эса 44 учрашув ўтказиб, 17та тўп киритган. У 2005 йилдан 2010 йилгача «Аделаида Юнайтед» клубида бош мураббий бўлиб ишлаган. 2010 йилдан бошлаб эса, Австралия терма жамоасида ассистент ҳамда олимпия терма жамоасида бош мураббий бўлиб ишламоқда. «Олирузлар» ҳам худди бизга ўхшаб, Лондон-2012 саралаш баҳсларининг 3-босқичида ҳали мағлубиятга учрашмаган ва ўтказилган барча учрашувни дуранг билан якунлашган.
Йирик шаҳарлари:Сидней, Перт, Мельбурн, Аделаида, Брисбен
Биринчи расмий учрашуви: Япония - 2:0 (1956 йил, 27 ноябрь, Мельбурн)
Энг йирик ғалабаси: Вануату - 12:0 (1996 йил 25 ноябрь, Аделаида)
Энг йирик мағлубияти: Польша - 1:6 (1992 йил 5 август, Барселона)
Дарвозабонлар: Мэтью Райан («Централ Коаст Маринерс»), Марк Биригити («Аделаида Юнайтед»);
Ҳимоячилар: Азиз Бехич («Мельбурн Хеарт»), Оливер Бозанич («Централ Коаст Маринерс»), Мэтью Фошини («Мельбурн Виктория»), Мэтью Журман («Брисбан Роар»), Даниэль Мюллен («Аделаида Юнайтед»), Себастьян Райал («Сидней»);
Ярим ҳимоячилар: Керим Булут («Млада Болеслав», Чехия), Исака Чернак («Мельбурн Виктория»), Диого Ферейра («Мельбурн Виктория»), Энтони Голец («Аделаида Юнайтед»), Жейсон Хоффман («Мельбурн Хеарт»), Бэн Канторовски («Ньюкасл Жетс»), Митч Николс («Брисбан Роар»), Димитрос Петратос («Сидней»), Рокко Висконте («Брисбан Роар»);
Ҳужумчилар: Терри Антонис («Сидней»), Мэйт Дунгажич («Мельбурн Хеарт»), Адам Таггарт («Перс Глори»).
Давоми бор. Мазкур мақола давомини ҳамда бошқа қизқиарли мақолаларни газетамиз-"ИнтерФУТБОЛ"нинг 3 февраль жума сонида ўқишингиз мумкин.



