Тарих саҳифалари: Футбол ва олтин маъбуда
Ушбу мақоланинг ёзилишига бир давра суҳбатида кейинги авлод вакиллари (ёш мухлислар)нинг илгари мундиал ғолибларига топширилган «Олтин маъбуда» номли кубок тўғрисида ҳеч нарса билмаганлари туртки бўлди.
Шунинг учун футбол ҳамда кубок тарихига доир айрим маълумотларни яна бир карра эслатиб ўтишни жоиз, деб топдик. Бунда турли спорт нашрларида чоп этилган мақолалар ва ажойиб журналист Эдуард Аванесовнинг ижодлари, хусусан, «Маршрут «Золотой Богини» («Олтин маъбуда»нинг йўналиши») номли китобидаги маълумотлардан фойдаландик.
Футбол пайдо бўлгандан, то оммалашгунча кўп асрлар ўтиб кетди, албатта. Фақат, 19-асрнинг 30-йилларига келибгина футбол ер юзида кенг қулоч ёза бошлади ҳамда севимли спорт турларидан бирига айланди. Айни шу дамлардан бошлаб, «Футбол дастлаб қаерда пайдо бўлган?», «Футболнинг асл ватани қаер?» каби саволлар ўртага ташланди. Футболнинг ватани бўлишга Англия, Франция, Италия, Греция, Миср, Хитой ва ҳатто Марказий Америка мамлакатлари ҳам даъвогарлик қилишди. Улар ўз даъволарини кўплаб тарихий манбалар, археологик топилмалар орқали асослашга уринишган. Масалан:
*** Бразилиялик олим Ферейре Марказий Америкада олиб борган қазишмалар чоғида футбол стадионини эслатувчи иншоот харобаларига дуч келган;
*** Француз олими Морис Пефферкорн эса ўз илмий изланишларида ичига латта тиқилган тўп билан ўйналадиган ўйин дастлаб Франция шимолидаги Нормандия вилоятида пайдо бўлгани ва сўнгра уни инглизлар ўзлаштириб олганларини исботлашга уринган;
*** Италия терма жамоасининг ЖЧ-34даги оламшумул ғалабасидан кейин апеннинлик олимлар замонавий футболнинг ўтмишдоши - «Кальчио» асосан итальянларнинг миллий ўйинлари бўлганлиги ва ичига ҳаво тўлдирилган тўплар ёрдамида ўлчамлари ҳозирги стадионларга мос келадиган майдонларда ўйналганини таъкидлай бошлашди. Бунда улар Флоренцияда топилган қадимги қўлёзмаларга асосланишган;
*** Қадимги Хитой қўлёзмаларида футболга ўхшаган ўйин тўғрисидаги маълумотлар учрайди. Бундай ўйинлар эрамиздан чамаси 2000 йил аввал ўйналган. Қизиғи шундаки, ўша ўйинларга императорлар ҳакамлик қилишган.Ўйин ғолибларига эса катта-катта мукофотлар берилган, мағлуб жамоа аъзолари бамбук таёқчалари билан калтакланишган;
*** Тўп ўйнаётган одамларнинг тасвирлари Мисрда, қадимги фиръавнлар даҳмалари деворларида акс этган. Бундай тасвирлар қадимги грек кўзалари (амфоралар)да ҳам учрайди.
Лекин бу борада инглиз олимлари ва мутахассислари жуда кўплаб тарихий далиллар тўплашган. Уларга кўра, Британия оролларида қадимдан ичига хашак тўлдирилган тўплар билан ўйналадиган ўйин - горпаструм кенг тарқалган. Глостера соборида эса, XIV асрга доир барельеф (деворга туширилган шакл) сақланмоқда. Унда тўп ўйнаётган икки эркак тасвирланган. Булардан ташқари, инглизлар XIV асрда ёзилган қадимги қўлёзма (манускрипт)ни ҳам топишган. Унда Кингстон шаҳарчаси майдонида бўлиб ўтган учрашув тасвирланган. Бунда иштирокчилар тўп ўрнида жангларда асир тушган данияликларнинг каллаларидан фойдаланишган. Шу билан бирга қўлёзмада биринчи бор футбол (foot ball) атамаси қўлланилган. Ўрта асрларда Англияда футбол шунчалик даражада оммалашиб кетдики, Лондон кўчаларида бир йўла 100-500 киши ўйнарди. Бу албатта, кўча ҳаракатига халақит берарди. Иккинчидан, бу ўйин инглиз ёшларини ҳақиқий эркаклар машғулотлари (қиличбозлик, ўқ-ёйдан отиш, найза улоқтириш, чавандозлик)дан чалғитарди. Шунинг учун ҳам, инглиз қироли Эдуард III «шайтонлар ўйини» номини олган футболни таъқиқлаш тўғрисида махсус фармон чиқаришга мажбур бўлади. Уни бузганлар катта жаримага тортилган ва қамоқ жазосига ҳукм қилинган (фармоннинг асл нусхаси ҳалигача Британия музейларидан бирида сақланмоқда). Ниҳоят, 1867 йилда олинган фотосурат ҳам сақланиб қолган. Бунда Харроу коллежи футбол жамоаси махсус формаларда акс эттирилган.
Хуллас, «Футбол ватани қаерда?» деган тортишувларга 1963 йилда нуқта қўйилади, яъни Англия ва жаҳон терма жамоаси ўртасида «аср ўйини» ўтказилади. Лондондаги «Уэмбли» стадионида 110000 томошабин гувоҳлигида ўтказилган баҳсда ғолиб чиққан инглизлар «Футбол ватани» деган шарафли номни бир умрга ўз ватанларида қолдиришади.
Футбол табиийки, ҳозирги даражага етгунча кўплаб ўзгаришларга учради, ҳисобсиз қонун-қоидалар жорий қилинди. Қуйида шундай маълумотлардан айримлари, энг муҳимларини келтирамиз.
*** 1863 йил 26 октябрь. Лондоннинг Грейт Куин стритидаги торгина қовоқхонада бўлиб ўтган йиғилишда Англия футбол ассоциацияси ташкил этилди (ўша қовоқхона ҳозир ҳам мавжуд). Ана шу сана расмий равишда замонавий футболнинг туғилган куни, деб қабул қилинган. Шундан кейин футболга инглизча атамалар кириб кела бошлади;
*** 1871 йил. Ўйин вақти 1,5 соат қилиб белгиланди. Дарвозабонга ўз жарима майдони ичида қўл билан ўйнашга рухсат берилди;
*** 1878 йил. Ҳакам қўлида ҳуштак билан майдон ичида ҳаракат қила бошлади. Бунгача у ўйинни майдон четида қўнғироқ ушлаган ҳолда бошқарарди;
*** 1883 йил. Ўйин икки бўлимга ажратилди ва ҳар бири 45 дақиқани ўз ичига олди. Улар ўртасида танаффус қилинадиган ва биринчи бўлимдан кейин жамоалар дарвозаларини алмаштирадиган бўлишди. Дарвоза устунлари тепасига тўсинлар қўйилди;
*** 1891 йил. Ливерпуллик Чарльз Броди дарвоза тўрларини кашф қилиб, патент олди. 11 метрлик жарима зарбаси (пенальти) жорий қилинди. Шу билан бирга пенальти белгиланган пайтда ўйин вақти тугаб қолса, уни амалга ошириш учун имконият бериш қоидаси киритилди;
*** 1904 йил 21 май. Парижда Франция, Бельгия, Голландия, Дания, Швеция ва Швейцария давлатлари футбол делегатлари иштирокида бутунжаҳон футбол уюшмаси (ФИФА)га асос солинди;
*** 1906 йил. Футбол ватани Англия ҳам ФИФАга аъзо бўлди. Лекин инглизлар ташкилотнинг бошқа аъзолари билан чиқишолмай икки марта, яъни 1919-1924 ва 1929-1946 йилларда сафдан чиқишган ва яна қайтиб аъзо бўлишган;
*** 1909 йил. Дарвозабон жамоа ўйинчиларинидан фарқ қиладиган рангдаги либосда майдонга тушадиган бўлди;
*** 1913 йил. Жарима зарбаларида «жонли девор» тўпдан 9 метр узоқликда турадиган бўлди;
*** 1926 йил. Бурчак зарбасидан тўғридан-тўғри дарвозага киритилган тўп гол ўрнида ҳисобга олинадиган бўлди;
*** 1928 йил. ФИФАнинг Амс-тердамда ўтган конгрессида ҳар 4 йилда бир марта жаҳон чемпионати ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди ва унинг низоми ишлаб чиқилди. Жумладан, биринчи жаҳон чемпионатини 1930 йилда ташкил этишга келишилди. Лекин чемпионатни қаерда ўтказиш тўғрисида турли давлат вакиллари ўртасида катта тортишувлар бўлди. Мундиални Европа давлатларидан бирида ўтказиш тарафдорлари кўп эди. Лекин ФИФА биринчи чемпионат мезбонлик ҳуқуқини Уругвай давлатига ишониб топширди. Бунга Уругвай футбол жамоасининг охирги иккита Олимпиада (1924 йил Парижда, 1928 йил Амстердамда) ғолиби бўлгани ҳамда 1930 йили мамлакат мустақиллигининг 100 йиллиги нишонланиши асосий сабаб эди;
*** 1929 йил. ФИФАнинг топшириғига кўра, парижлик заргар Абель Лафлер жаҳон чемпионига топшириладиган кубокни ясади. Бўйи 30 см., оғирлиги 1800 грамм бўлиб, тоза олтиндан ясалган бу кубок қадимги грекларнинг ғалаба худоси - қанотли Нике («Олтин маъбуда») ҳайкалини эслатарди. Кубокнинг низомига шундай банд ҳам қўшилди: «Қайси давлат терма жамоаси 3 марта жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритса, кубок унга абадий сақлаш учун берилади»;
*** 1936 йил. ФИФА мундиал мезбони ҳамда амалдаги чемпионни саралаш баҳсларидан озод қилиш тўғрисида қарор чиқарди;
*** 1939 йил. Футболчилар формаларида рақамлар пайдо бўлди;
*** 1941-1945 йиллар. Италиялик доктор Отторини Барраси 1934 йили мамлакат терма жамоаси қўлга киритган «Олтин маъбуда»ни Римдаги квартирасида, эски-туски кийимлар ичига яшириб, уни фашистлардан сақлаб қолади. Чунки Гитлернинг буйруғига кўра, Италия диктатори Муссолини кубокни қўлга киритишга ҳаракат қилганди;
*** 1946 йил. ФИФА собиқ иттифоқ футбол федерациясини аъзоликка қабул қилди. Люксембургда ўтган йиғилишда шунингдек, 5та, яъни инглиз, француз, испан, немис ва рус тилига ташкилотнинг расмий тиллари мақоми берилди. Унинг доимий резиденцияси (штаб-квартираси)ни Швейцариянинг Цюрих шаҳрида жойлаштириш тўғрисида махсус қарор чиқарилди;
*** 1946 йил. ФИФАнинг Хельсинкида бўлиб ўтган конгрессида жаҳон чемпионати бош совринини ташкилотнинг кўп йиллик президенти шарафига «Жюль Риме кубоги», деб аташ тўғрисида қарор қабул қилинди;
*** 1966 йил. Англия футбол ассоциацияси «Олтин маъбуда»дан ке-йинги кубокни Буюк Британия давлат ва сиёсат арбоби Уинстон Черчилль номи билан аташ таклифи билан чиқди. Лекин ФИФА буни рад этди;
*** 1968 йил.1966 йилги мундиалда «Олтин маъбуда»ни қўлга киритган инглизлар уни ўғирлатиб қўйишди. Орадан 6 ой ўтгач, соврин Лондондаги ахлат қутисидан топилди. Бебаҳо буюмни шу шаҳар фуқаросининг «Поллард» лақабли ити топгани эътиборга молик;
*** 1970 йил. Мексика мундиалида учинчи бор ғолибликни қўлга киритган Бразилия терма жамоаси «Олтин маъбуда»ни абадий ўзиники қилди. ФИФА эса янги жаҳон кубогини яратиш ва уни қандай номлашни Бразилия футбол конфедерацияси зиммасига юклади.
P.S.: газетамизнинг кейинги сешанба сонида бериладиган мақоланинг иккинчи қисми - «Олтин маъбуда»ни ўқиш асносида бебаҳо совринининг тарихидан бохабар бўлишингиз мумкин.



