"Навбаҳор" мухлислари: "20 минглик ўйингоҳ биз учун тор!"
Сўнгги кунларда сайтимиз орқали мухлислар "Навбаҳор" стадиони ҳақида жуда кўп фикр-мулоҳазаларни баён этишмоқда. Биз бугун ана шу мавзу ҳақида фикр алмашмоқчимиз.Барчамизга маълумки, Намангандаги "Марказий" ўйингоҳ 1980 йилда фойдаланишга топширилан бўлиб, ҳозиргача тўлиқ таъмирдан чиқарилмаган. Аслини олганда янги мавсумдан биз замон талабларига жавоб берадиган ўйингоҳда ойинларни кузатишимиз лозим эди. Аммо маълум сабабларга кўра бу иш кечиктирилаверди. Мана энди янги стадион 2013 йилда фойдаланишга топширилиши ҳақида айтилмоқда. Ҳозирги режага кўра, стадион 20000 мухлисни ўз бағрига сиғдира оладиган қилиб битказилиши керак. Биздаги маълумотларга қараганда, 20000 минг мухлисга мўлжаллаб проекти тузиб бўлинган ҳамда тасдиқдан ҳам ўтган экан. Шунга қарамай, футбол раҳбарлари ўйингоҳ сиғимини кенгайтириш мақсадида таклифлар билан чиқишмоқда. Ҳозирги кунда ушбу масала кўриб чиқилмоқда.
Бизнингча, тезроқ барчаси қолипдан кўчмагунча сиғимни кўпайтиришимиз керак. Акс ҳолда 20000 минглик ўйингоҳ билан чекланишга мажбурмиз. Агар шундай ҳолат юзага келадиган бўлса, ўйингоҳда бир қанча муаммолар кузатилиши мумкин. Биринчи навбатда ички ишлар ходимлари учун "бош оғриқ" кўпаяди. Стадионга сиғмай қолган мухлислар қандай йўл билан бўлмасин, барибир ўйингоҳга киришга ҳаракат қилишаверишади. Ўйингоҳ атрофида минглаб мухлисларнинг оломони ташқаридан қараганда хунук манзарани акс эттиради.
Ўтган мавсумдан эътиборан, учрашувлар Косонсойда ўтказиб келинмоқда. Учрашувларнинг Косонсойда бўлиб ўтиши эса кўпчилик учун ноқулайликлар келтириб чиқараётгани ҳам бор гап. Агар ўйинлар Наманганда ўтказилганда буни барча учун нормал ҳолат сифатида қараш мумкин бўларди. Косонсой вилоятнинг чекка худудларидан саналади, албатта узоқдан келганлар кечки маҳал транспорт муаммосига дуч келишлари табиий ҳол. Шунинг учун, Косонсойдаги стадионда мухлислар оқими у қадар салмоқли бўлгани йўқ. Шунинг учундир ҳам балки янги ўйингоҳ 20000 минг мухлисга мўлжалланаётган бўлиши мумкиндир. Сабабини айтиб ўтдик, ўтган йили Косонсойда аншлаг кузатилмади!
Биламизки, Ўзбекистон терма жамоасининг халқаро мусобақалардаги учрашувлари "Пахтакор" Марказий ўйингоҳида ўтказиб келинади. Айнан терма жамоамиз иштирокидаги баҳсларга нари борса 30-40 минг мухлис ташриф буюради. Қизиғи, Намангандаги турнинг марказий учрашувларига ҳам ана шунча, баъзи пайтларда ундан ҳам кўп мухлислар ташриф айлашади. Бунинг учун 2010 йилги мавсумдаги "Насаф" ва "Бунёдкор"га қарши кечган учрашувларни эслаш кифоя! Ўша ўйинларда стадионда бирорта ҳам бўш ўриндиқ қолмаганди. Айниқса, "Насаф" билан ўтган драматик учрашувда! Ҳаттоки, Қаршидан ташриф буюрган 50 нафар фан-клубчиларга аранг жой топилган эди! Кўряпмизки, Наманганда футболни жуда қаттиқ севишади.
Агарда ўйингоҳимиз 20 минг мухлисга мўлжалланадиган бўлса стадиондаги ур-тўполонни кўраверингда! Аниқки, ўйин бошланишидан 1-2 соат аввал стадион тўлиб бўлади. Бундай оломон ичида пластмассадан тайёрланган ўриндиқларга ҳавас қилиб бўлмайди.
Хуллас, ҳар томондан олиб қараганда ҳам 20 минглик ўйингоҳ биз учун торлик қилади. Шу боис ўйингоҳимизнинг сиғимини оширишимиз керак. Кеч бўлмаса, тезроқ отни қамчилаш лозим! Мухлислар бу ҳолатга умуман рози эмас! Ҳеч бўлмаса, стадион борасида мухлисларнинг илтимосларини инобатга олишса, мақсадга мувофиқдир. Шунча жон куйдираётган мухлисларнинг ҳаракати бир пул бўлмасин!
Футбол - мухлислар учун ўйналади! Шундай экан мухлисларга қулоқ солиш керак!
манба: lochinlar.uz
***
Бироз вақт олдин «Динамо» ўйингоҳида “Навбаҳор” жамоасининг икки тарафламали назорат ўйини якунига етди. Учрашувда қизил либосда ҳаракат қилган футболчилар 6:2 ҳисобидаги ғалабани нишонлашди. Айтиш жоизки, ўйинни Файзулло Ҳасанов, Раҳим Ғофуров ва Аъзам Ражаббаевлар бошқариб боришди. Таркиблар эса қуйидагича кўриниш олди.
«Қизиллар»: Денис Романенко, Қаҳрамон Маҳаммаджонов, Тимур Султонов, Роман Горкуша, Абдумажид Тоиров, Собир Ҳамидов, Отабек Валижонов, Санжар Асқаралиев, Азим Аҳмедов, Абдумалик Абдуллаев, Артурас Фоменко.
«Кўклар»: Ботир Носиров, Ботир Тўрабоев, Мирзоҳид Собиров, Дурбек Умаралиев, Муҳаммад Ашуров, Ғайрат Жўраев, Леонид Кошелев, Элмурод Низомбоев, Сардор Иминов, Павел Беганский, Баҳром Умаров. Захирадан майдонга тушганлар: Жерри Эмонгпайри, Ўткир Ибрагимов, Шерзод Райимжонов.
Голлар: Артурас Фоменко (1:0), Дурбек Умаралиев (ўз дарвозасига 2:0), Абдумалик Абдуллаев (3:0), Леонид Кошелев (3:1), Собир Ҳамидов (4:1), Жерри Эмонгпайри (4:2), Отабек Валижонов (5:2), Артурас Фоменко (6:2).
Таркибларга назар ташлаб, янги ўйинчиларга кўзингиз тушиши аниқ. Хусусан «кўклар» сафида ҳаракат қилган Муҳаммад Ашуров ва Сардор Иминовлар кўрикдан ўтишмоқда. Шунингдек, майдонга тушмаган Шуҳрат Ҳамидовни ҳам мураббийлар синовдан ўтказишмоқда. Учрашув давомида айрим ишқибозлар жамоа ҳужумчиси Абдулазиз Султоновни анчадан бери кўринмаётганлиги билан қизиқишди. Султонов айни пайтда жароҳатини даволатаётганлиги боис машғулотларда иштирок эта олмайди. Абдулазиз яна бир неча кунлардан сўнг жароҳатидан фориғ бўлиб, югуришни бошлайди. Мазкур ўйинни Абдулазиз Султонов Илҳом Бойдедаев билан биргаликда кузатганлигини ҳам қўшимча қилиш мумкин.
манба : fcnavbahor.uz



