Инглизча симфония ёхуд АПЛ биринчи даврасининг энг яхшилари
Ғоят қизиқарли тусда кечаётган Англия премьер-лигасининг биринчи даврасига якун ясалиб, иккинчиси бошланди. Албатта, жорий мавсум ҳам кашфиётлардан холи эмас. Sports.ru уларни жамлаб, бир йўла 2та рамзий терма жамоа тузиб чиқди.
Бечора Стив Харпер: машҳур Шей Гивен «Ньюкасл»ни тарк этгач, унинг жамоа дарвозасидаги 12 йиллик ўрнини ниҳоят, инглиз кипери эгаллайдигандек эди. Тўғри, аввалига шундай ҳам бўлди, бироқ орада Харпер жароҳатга йўлиқдию, бир муддат сафдан чиқди. У тузалиб, таркибга қайтди ва ўрни яна банд эканини кўрди. Тим Крул бу вақтда асосий таркибга ўрнашиб, Харпер у ёқда турсин, ҳатто Гивенни ҳам ажаблантирувчи ўйин намойиш қилаётганди. Қисқаси, 23 ёшли Тим жамоага тезда мослашиб олди ва ҳозирги кунда Колоччини таваккалга йўл қўйса ёки Тейлор ҳужумга қўшилиб кетса, «рамка»да ишончли ҳаракат қилиб, жамоаси жонига оро кирмоқда.
Эдвин ван дер Сар кетди, аммо бу билан премьер-лигадаги «лоларанг» дарвозабонлар фаолияти тугаб қолмади. Аниқроқ айтганда, Sports.ruнинг рамзий термасида ҳам асосий, ҳам захира дарвозабони голланд паспортига эга. Мишель Вормнинг «Утрехт»дан «Суонси»га ўтишини энг омадли трансферлар сирасига киритиш мумкин. Зеро, «оққушлар» бор-йўғи 1,5 миллион фунт эвазига чемпионатнинг энг порлоқ дарвозабонларидан бирига эга бўлишди. Бунинг устига, Ворм пенальтилар устаси ҳам...
Роберто Манчинининг сўзларига кўра, «Сити»нинг 23 ёшли ҳимоячиси баъзида калласини уйига ташлаб келаркан. Аммо бу шунчаки, ҳазил ва меҳр билан айтилган сўзлардир. Ростига кўчганда эса, Ричардс лиганинг энг фойдали қанот ҳимоячиси бўлиб турибди (6та самарали тўп узатиш). Футболчиларни тезюрар поездга ўхшатиш аллақачон «истеъмол»дан чиқди, аммо Ричардснинг тўп билан олдинга ташланишини кўриб, барибир, шунақа поезд ҳақида ўйлайди киши. Тўғри, шунга қарамай, Дон Фабио ҳамон Глен Жонсонни ундан устунроқ кўрмоқда.
Алан Хаттонни «Астон Вилла»га, Ведран Чорлукани захиранинг чуқур ўриндиғига «жўнатиб» юборган ёш ҳимоячи бугунги «Тоттенхэм»нинг асосий ўйинчисига айланиб улгурди. Дербидаги голи эса шуҳратини янада ошириб юборди.
Жон Терри, Рио Фердинанд ва Неманья Видичнинг кексайишлари шунга олиб келдики, айни кунда премьер-лигада Компани билан тенглашадиган марказий ҳимоячи йўқ, ҳисоби. Бир томондан, ўтган йилги Компани ҳозиргисига кўра, ишончлироқдай туюлади. Аммо ёддан чиқармаслик керак, авваллари «шаҳарликлар» кўпроқ ҳимоя ҳақида бош қотиришарди. Венсан кубок дербисидаги қизил карточка туфайли энди 4та ўйинни ўтказиб юборишга мажбур. Эҳтимол, чемпионлик масаласи айнан шу ўйинларда ҳал этилар...
Рой Хожсон даврида «Ливерпул»ни тарк этишига бир баҳя қолган даниялик ниҳоят, сон-саноқсиз жароҳатлардан қутулиб, Мартин Шкртел билан ҳимояда ажойиб жуфтлик ҳосил қилди. Ҳаттоки, «қизиллар»нинг энг ишончли футболчилари ҳисобланган Жемми Каррагер ҳам унинг олдида ип эшолмаяпти.
90-йиллар охирида бу футболчи учун «Милан»нинг «Бока» билан қандай тортишгани ҳали ҳеч кимнинг ёдидан чиқмаган бўлса керак. Ўшанда мутахассислар Колоччинига «Келажаги порлоқ умидли ҳимоячи», дея таъриф беришганди. Афсуски, у кутилган даражага чиқолмади. Лекин бундан 2 йилча олдин Колоччини чемпионшип форвардларининг энг ёқимсиз рақибига айланди ва қайсидир маънода ўша тахминларни оқлай бошлади. Тўғри, ҳозирги Колоччинини юлдуз, дея олмаймиз, аммо «Ньюкасл» ҳимоясида унинг ўрни беқиёс.
«Тоттенхэм»нинг 31 ёшли фахрий футболчиси биринчи даврада жароҳатланган Майк Доусон йўқлигини умуман билинтирмади. Лекин бахтга қарши Кингнинг ўзи ҳам бир неча кун олдин жароҳатга йўлиқиб, маълум муддатга сафдан чиқди.
Чап қанот ҳимоячиси: Хосе Энрике
Гарри Невиллга тегишли «Жаноби ишонч» иборасини бутунлай ўзлаштириб олган бу ҳимоячи «Ливерпул»даги ёрқин ўйинлари билан эл назарига тушди. Хосенинг айтишича, жамоадошлари тез-тез унга Англия фуқаролигини қабул қилиш бўйича маслаҳат беришаркан. Умуман, «Ньюкасл»нинг собиқ аъзоси «Ливерпул»га кўчиб ўтдию, ўйини буткул ўзгарди.
Бугунги кунда Энрике билан рақобатлашувчи футболчини топиш қийин - на Эшли Коул, на Лэйтон Бенс ва на Патрис Эвра ўзларини кўрсатишяпти. Аммо «Арсенал»дан «шаҳарликлар» сафига кўчиб ўтган Гаэль Клиши шу даражада тўп суряптики, ҳатто лондонлик мураббийлар ҳам унинг истеъдодидан ҳайратга тушишмоқда. Ҳа, Гаэлнинг хатоси «Челси» билан ўйинда қимматга тушди, ҳа, Манчини унга Ричардсга ишонгандек қарамайди. Лекин факт шуки, «Сити»даги Клишининг «Арсенал»дагисидан фарқи катта.
Берри ва Яя Туре, Кабай ва Тиоте, Форлан ва Бартон, Адам ва Лукас, Аллен ва Бриттон - премьер-лигадаги ярим ҳимоячиларнинг ажойиб жуфтликлари рўйхатини узоқ давом эттириш мумкин, лекин уларнинг энг яхшиси - «Уайт Харт Лейн»да. Лука Модричнинг яқинда берган интервьюсига ишонадиган бўлсак, у фаолиятини бадавлатроқ клубда давом эттиришга қарши эмас. Аммо шунга қарамай, «Тоттенхэм» учун шунчалик жон куйдириб ўйнаяптики, хорватнинг хаёлида бошқа клуб орзуси кезиб юргани асло сезилмайди. Паркер эса жимгина ўз имкониятларига шубҳа билан қаровчиларга зарба бермоқда. Албатта, ажойиб ҳаракатлари билан. Скоттни кузата туриб, унинг ёши 31да эканига ишонгинг келмайди...
Жароҳатлар жонига тегиб кетган ва қарийб 1,5 йилдан буён майдон нималигини билмаган футболчи учун 10 миллион фунтдан воз кечиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. «Канонирлар» эса худди шу ишни қўрқмай амалга оширишди. Қарангки, испаниялик ярим ҳимоячи «Арсенал» ва Венгернинг фалсафасига кутилганидан ҳам тез киришиб кетди. Алекс Сонг ва Аарон Рэмзи билан тил топишиб кетишини эса фақат мўъжизага йўйиш мумкин. Артета мунтазам равишда шерикларини қўллаб-қувватлаб, жамоани олдинга бошлайди. Майдонни кўра олиши ҳам аъло даражада. Буларга энди совуққонлик билан бериладиган ва кўп ҳолларда аниқ чиқадиган зарбаларини ҳам қўшиб қўйинг. Бразилиялик Лейва эса «Ливерпул»нинг энг кўп танқид қилинадиган футболчисидан энг ҳурматли ўйинчисигача бўлган машаққатли йўлни босиб ўтди. Сиз бузғунчи-ярим ҳимоячи ижросидаги мастер-классни кўришни истайсизми? Марҳамат, «Ливерпуль» ва «Сити» клублари ўртасидаги ўйин дискини топинг!
Бизнингча, дунёда «Манчестер Сити»нинг ивуарлик футболчиси хизматларига эҳтиёж сезмайдиган фақат битта клуб бор. Бу - ўша «Барселона». Енгилмас куч, туганмас бардош ва бебаҳо «пас»лар соҳиби терма жамоаси ихтиёрига жўнаб кетгач, «шаҳарликлар» тезда уни соғиниб қолишди, шунингдек, ярим ҳимоячининг ўйинидан завқланишни истовчилар ҳам...
«Ньюкасл» менежментларига ол-қишлар: улар атиги 4,5 «лимон» сарфлаб, жамоага Кабайдек ижодкор футболчини олиб келишди. Француз эса тезда аввалига «асосий қарғалар тўда»сидан Жоуи Бартонни «сиқиб» чиқарди. Бироз вақтдан сўнг эса Шейк Тиоте билан ҳамкорликда «Манчестер Юнайтед» ярим ҳимоясини тилка-пора қилди. Хўш, унинг трансфер нархи камида 3 марта қимматлашганини айтсак, ким эътироз билдиради?!
Агарда мазкур рўйхатдан «Сити»нинг Сильвадек нафақат қанот ҳужумчиси, балки ҳужум ва ярим ҳимоя чизиғини боғлашда премьер-лигада тенгсиз бўлиб турган футболчисига ўрин ажратмасак, адолат тантана қилмасди. Унинг шаънига серияли хушомадлар йўллаш ўз йўлига, аммо минг марта эшитгандан бир марта кўрган афзал. Бордию, Давиднинг октябрь ойидаги дербида узатган «суперпаси»ни унутган бўлсангиз, уни дарҳол эсга олинг. Агарда жорий мавсумдаги бирорта ўйинини кўрмаган бўлсангиз, унда билингки, футболнинг жозибага тўлиб-тошган «тасма»си шундоққина ёнгинангиздан ўтиб кетибди.
«Валенсия» ҳужумчиси учун 25 миллион евронинг баҳридан ўтган «Челси» энди узоқ вақтгача қанотдан уюштириладиган ҳужумлар борасида ташвиш тортмаса ҳам бўлаверади (тўғри, баъзида Матанинг қанотлардан кўра, марказга интилиб ҳаракат қилиши яхшироқ натижа бериши бор гап). Примеродан келган «VIP-меҳмонлар» премьер-лигага мослашишда ортиқча муаммоларга учрамасликни одат қилиб олишди. Албатта, Хуан ҳам уларнинг бири. Аниқроқ айтганда, Мата дастлабки кунларданоқ шундай ўйнай бошладики, Виллаш-Боаш хотиржамлик билан Флоран Малудани захирага ўтказиб, Анелькани Хитойга жўнатиб юборди.
Жуда қизиқ, вақтида «Хоффенхайм» ҳужумчисини кўрикдан ўтказган «Штутгарт» ва «Сток Сити» шифокорларига унинг нимаси ёқмаган экан? Ҳозирга келиб фақат битта нарса аниқ - юқоридаги клублар катта хатога йўл қўйишибди. Сенегаллик форвард охир-оқибат, «Вест Хэм» сафига қўшилди. Аммо «болғалар» лигани тарк этган тақдирда, Ба текиндан-текинга исталган жамоага бориб қўшилиш ҳуқуқини қўлга киритарди. «Ньюкасл» эса бундан унумли фойдаланиб, ҳужумчини бир тийин тўламай қўлга киритди. 19 учрашувда рақиблар дарвозасини 15 марта ишғол қилган Дембасиз бугунги «қарғалар»ни тасаввур қилиш қийин. Унинг бебаҳолигига сабаб Бест ёки Амеобининг ёмон ҳужумчилиги эмас, албатта. Шунчаки, Банинг ўзи жуда-жуда яхши ижрочи.
Диего Марадонанинг севимли куёви Британия футболига жуда тез киришиб кетди. Масалан, «Суонси»га қарши дебют ўйинидаёқ ярим соатда 2та гол урди. Томошабинлар дарҳол пайқашдики, Агуэро тўп билан қойилмақом тарзда ҳаракат қилади, алдамчи финтлари билан ҳар қандай ҳимоячи бошини айлантиради ва сўнгги кубок ўйинини назарда тутсак, оғир ҳолатларда жамоадошларини «уйғотиш»ни ҳам эплайди. Қолаверса, унинг самарадорлиги чакки эмас. Шундай экан, «Алвидо, Тевес!».
Дарҳақиқат, «Соғлом ван Перси - сайёрадаги энг кучли ҳужумчилардан бири», деган фикрлар бу мавсумда ўз тасдиғини топмоқда. Ҳозирча биргина Давид Сильва у билан тенглаша олиши мумкин, холос. Робин эса маҳсулдорликни ошириб, йил тақвимидаги голлар сони бўйича Алан Ширер рекордини янгилашга яқин келди. Худо кўрсатмасин, ван Персига бирор нарса бўлса, «канонирлар» таркибида унинг йўқлиги жуда тез билинади.
Зарбалар аниқлиги ёки майдонда ўзини тутиш борасида Суаресга эътирозлар етарлича. Аммо тан олиш жоиз, 2-3 нафар ҳимоячини у ёқдан-бу ёққа «лақиллатиб» юришда Луиснинг олдига тушадигани кам. У яккакурашларда жонини бериб, йўқ жойлардан вазият яратишга устаси фаранг. Афсуски, бесуяк тил оқибатида ўзини-ўзи маломатга қўйди. Акс ҳолда, «Ливерпуль» сўнгги ўйинларда шунчалик қийинчиликка учрамасди.



