Пайшанба Фев 23

Анонс ва натижа

Олимпиада-2012
Саралаш. Осиё

5-тур. 21 февраль (сешанба)
Ироқ–Ўзбекистон-2:1
22 февраль (чоршанба)
Малайзия–Япония-0:4
БАА–Австралия-1:0

Оман–Ж.Корея-0:3
Қатар–С.Арабистони-2:1
Баҳрайн–Сурия-2:1



ЧЛ. 1|8 финал
1-учрашувлар

Лион-АПОЭЛ-1:0
Байер-Барселона-1:3

Зенит-Бенфика-3:2
Милан-Арсенал-4:0
Жавоб учрашувлари:
6-7 март да


21 февраль (сешанба)
ЦСКА-Реал-1:1
Наполи-Челси-3:1

22 февраль (чоршанба)
Марсель-Интер-1:0
Базель-Бавария-1:0

Жавоб учрашувлари:
13-14 мартда


ЕЛ. 1|16 финал
1-учрашувлар

14 февраль (сешанба)

Рубин-Олимпиакос-0:1
Брага-Бешиктош-0:2
16 февраль (пайшанба)
Локомотив-Атлетик-2:1
Лацио-Атлетико-1:3
Аякс-МЮ-0:2
АЗ-Андерлехт-1:0
Зальцбург-Металлист-0:4
Легия-Спортинг-3:00
Виктория-Шальке-04-1:1
Удинезе-ПАОК-0:0
Ганновер-Брюгге-2:1
Порту-Ман. Сити-1:2
Сток Сити-Валенсия-0:1
Стяуа-Твенте-0:1
Висла-Стандарт-1:1
Трабзонспор-ПСВ-1:2

Жавоб учрашувлари:
22-23 февралда

ЭЛЕКТРОН ОБУНА

Хамкорларимиз




ЎЗБЕКИСТОН КУБОГИ-2012ГА ҚУРЪА ТАШЛАНДИ, АММО...

ЎФФ анжуманлар залида 2012 йилги Ўзбекистон кубоги баҳсларига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Унда олий ва биринчи лига клублари раҳбарлари, мураббийлар, стадионлар директорлари, ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этишди. Маросим аввалида Ўзбекистон ПФЛ бош директори Фарҳод Магометов сўз олиб, ўтган мавсум якунлари ва янги футбол йили режалари хусусида ахборот берди.

- Бу йил Ўзбекистонда Профессионал футбол лигаси ташкил этилганига 4 йил тўлади, - дея сўзларини бошлади Ф.Магометов. - Шу қисқа фурсат ичида озми-кўпми ютуқларга эришдик. Ўзига яраша камчиликлар ҳам бўлди. Зеро, иш бор жойда албатта, камчиликлар бўлади. 2008 ва 2009 йилларда олий лигада 16 та жамоа иштирок этган бўлса, мана икки йилдирки, мавсумни 14та жамоа билан ўтказяпмиз. Ҳозирча бу сон ўзини оқлаяпти. Бугунги иқтисодий жараёнда сондан кўра сифатга эътибор бериш мақсадга мувофиқ бўлади. Аввалгидек ўткинчи ўйинлар йўқ. Энг муҳими, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан олий лига клубларига ҳомийлар бириктириб берилди. Ҳукумат томонидан бўлаётган бундай ғамхўрлик дунёнинг ҳеч бир давлатида учрамайди. Клубларда болалар футбол мактабларига катта эътибор қаратиляпти. Республика бўйича 8та футбол мактаби капитал таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилди. Масалан, Наманган шаҳридаги футбол мактабида айни кунларда қурилиш ишлари давом этяпти. Режага кўра, бу мактаб апрель ойида фойдаланишга топширилади. Клублар болалар футбол мактабларидан максимал даражада фойдаланишлари керак. Стадионларга мухлисларнинг ташрифи бўйича ҳам ўсишга эришилган. 2010 йил билан таққослаганда, бу сон 10 минг нафарга ошган. Энг кўп мухлис «Нефтчи»нинг уй учрашувларига келган - 186 минг томошабин. Иккинчи ўринни «Бухоро» жамоаси банд этган. Гарчи иккинчи давра ўйинларини Вобкентда ўтказган бўлсада, бу жамоани қўллаб-қувватлаш учун стадионга кутилганидан ортиқ мухлис ташриф буюрган. Кейинги ўринда «Навбаҳор» жамоаси бормоқда. Наманганликлар ҳам иккинчи давра ўйинларини Косонсойда ўтказишди. Акс ҳолда томошабинларнинг ташрифи янада салмоқли бўлиши аниқ эди. Энг кам томошабин «Қизилқум» стадионига келган. Жамоанинг натижаси ҳам шунга яраша. Агар зарафшонликлар мазмунли ўйин кўрсатишганида, мухлислар ташрифи бу даражада кам бўлмасди. Шу ўринда залда ўтирган клуб раҳбарларига талабим бор. Янги мавсумда стадионда мухлислар учун барча шароитларни яратиб берасизлар. Футболчилар мукофот пуллари учун эмас, ишқибозлар учун чиройли футбол намойиш этишлари лозим. Сиз клуб раҳбарлари эса стадионга жамоангизнинг ўйинини томоша қилиш учун келаётган томошабинларга аъло шароитни муҳайё қилиб беришингиз керак. Одамлар футболдан дам олиб кетишсин. 2011 йилда клублар томонидан 7 нафар мураббий истеъфога чиқарилди. 2010 йили бу кўрсаткич 10 нафарни ташкил қилганди. Сўнгги тўрт йилда «Олмалиқ», «Металлург» ва «Нефтчи» жамоаларида бош мураббий ўзгармаган. Энг муҳими, келишилган ўйинларга деярли барҳам берилди. Ўтган мавсумдан ўринбосарлар биринчилиги ўрнига Ёшлар лигасини туздик. Шу пайтгача ёши катта футболчилар соясида қолиб келган ёш истеъдодлар лига баҳсларида ўзларини кўрсатиш имкониятига эга бўлишди. Бу ҳам кичик бўлсада ютуғимиз. Вазирлар Маҳкамаси қарори билан республикамиздаги 4та стадионда кенг миқёсда қурилиш ишлари бошланган эди. Бугунга келиб «Локомотив» стадиони мавсумга шай ҳолатга келтирилди. Бухоро, Бекобод ва Самарқанд шаҳридаги стадионлар чемпионат бошланиши арафасида фойдаланишга топширилади. «Бунёдкор» стадиони эса мустақилликнинг 21 йиллик тантаналари олдидан қуриб битказилади. Бу Осиёдаги энг кўркам стадионлардан бири бўлиши шубҳасиз. Сервер Жепаровнинг қаторасига иккинчи бор, Равшан Эрматовнинг тўртинчи маротаба қитъанинг энг яхшилари деб топилиши ҳам футболимизда ўсиш кузатилаётганидан далолат беради. Абдуҳамидулло Расулов эса илк бор йилнинг энг яхши лайнсмени, дея эътироф этилди. Энг катта камчилигимиз бу - стадионлар ва инфратузилма масаласи бўлиб қоляпти. ОФК тафтиш гуруҳи юртимизга келиб кетганидан бери клубларда деярли ўзгаришлар кузатилмади. Мен сизларни огоҳлантиряпман. Агар майдон ҳолати талабга жавоб бермаса, у ҳолда рақиб жамоа майдонида ўйнашга мажбур бўласизлар. Ёки ўзингиз нейтрал бир стадионни ижарага оласизлар. Шу икки вариантдан бирини танлашингиз мумкин. Талабга жавоб бермайдиган майдонда чемпионат ўйинлари ўтказилмайди. Инспекция келиб кетди, энди аввалгидек ишлашни давом эттираверсак бўлади, деганлар қаттиқ янглишасизлар. Бу йил ОФКнинг махсус тафтиш гуруҳи ОЧЛда клублари иштирок этаётган 11 та мамлакатга яна ташриф буюради. Бу сафар имтиёзлар бўлмайди. Тафтиш гуруҳининг бу йил эълон қиладиган якуний қарори 2013-2014 йилги мавсумлар учун бўлади. Шу билан тафтиш гуруҳи 2015 йилда яна текширувларни ўтказади. Бу йил ОЧЛда бизга 3Қ1 кўринишидаги ўрин тақдим этилди. Келаси йили ҳам шундай бўлишига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Бундан ташқари, стадионлардаги ёритиш тизими ҳам ўз ечимини кутаётган муаммолардан бири бўлиб қоляпти. Клублардаги селекция ва маркетинг ишлари тўғри йўлга қў-йилмаган. Айрим клубларда маркетинг деган тушунчанинг ўзи йўқ. Қанчалик аччиқ бўлсада, буни айтишга мажбурман. Статистикага эътибор қаратадиган бўлсак, Игорь Таран ва Мўйдин Мамазулуновлар ўтган йили 11 маротабадан турнинг энг яхши ўйинчилари бўлишган. Лекин футболчиларнинг ҳар иккови ҳам терма жамоага чақирув олмаган. Бу ҳам селекция хизматининг камчилиги. Булар 2011 йил якунлари ҳақидаги қисқача мулоҳаза эди. Энди 2012 йилги мавсумда кутилаётган айрим ўзгаришларга ҳам тўхталиб ўтаман. Олий лигада деярли ўзгаришлар йўқ. Фақат легионер дарвозабонлар масаласида бу йилча ўзгариш қилмасликни лозим топдик. Яъни клублар легионер дарвозабонларни ўз сафларига қўшиб олишлари мумкин. 2013 йилда бу масалани кўриб чиқамиз. Ўйлашимча, келаси йилдан хорижлик посбонлар клубларда рўйхатдан ўтмайди. XXI-миллий чемпионат баҳслари 17 март куни старт олади. 15 март куни ОЧЛда қатнашадиган клубларимиз 1-турда майдонга тушишади. 18 ноябрь куни Ўзбекистон кубогининг ҳал қилувчи финал учрашуви билан мавсумга якун ясалади. 18 февраль куни «Нефтчи» ОЧЛнинг «плей-офф» босқичида иштирок этади. Шу ўйин натижасига қараб, мавсум тақвимини ишлаб чиқамиз. Клублар бу борада ўз таклифларини жўнатишган. Биринчи лигада ҳам ўзгаришларга қўл урдик. Икки йил давомида биринчи лига жамоалари аъзолик бадал пулларидан озод қилинганди. Боз устига, бонус сифатида ҳар бир иштирокчи жамоага ёрдам пулларини бергандик. Бу йилдан бундай ёрдам бўлмайди. Ҳар бир жамоа ПФЛ ҳисобига аъзолик бадал пулларини ўтказиб беради. Ижроқўм аъзолари қарорига кўра, «Пахтакор-2» ва «Локомотив» БФК фарм клубларига биринчи лигагадан ўрин ажратдик. Бу жамоаларда болалар билан ишлаш тизими яхши йўлга қўйилган. Дарвоқе, мавсумдаги энг катта янгилик бу - клубларни лицензиялашдир. Яқин кунларда ОФКдан бу борадаги ҳужжатлар келиши керак. Уларни сизларга тақдим этамиз. Клубларни лицензиялаш жараёни тахминан 2-даврадан бошланади. Шунга тайёр туринглар. Турли баҳоналар ўтмайди. Шунингдек, биринчи лигада ҳам мураббийлик гувоҳномаси бўлмаган мутахассислар ишламайди. Бу нарсага жиддий эътибор қаратилади. Режага кўра, биринчи лиганинг 2012 йилги мавсумига февраль ойида қуръа ташланади. Чемпионатга эса апрель ойининг биринчи ҳафтасида старт берилади. Суперкубок масаласи: матбуотда бу учрашув ўтказиладиган муддатгача эълон қилинибди. Лекин ПФЛ томонидан суперкубок ўйини хусусида ҳеч қандай расмий хабар берилмади. Шундай экан, бу савол ҳали очиқлигича қолади. Шунчаки, расмиятчилик учун ўтказиладиган суперкубок ўйинининг ҳеч кимга, биринчи навбатда мухлисларга кераги йўқ. Бу йил илк маротаба Ўзбекистон кубоги финали учун 150 млн. сўм мукофот пули белгиланди. Ғолиб жамоага 100 млн. сўм топширилади. Финалчи эса 50 млн.га эга бўлади.

Шундан сўнг, Ўзбекистон кубоги-2012 баҳсларига қуръа ташланди. Унга кўра, «Бунёдкор» ва «Пахтакор» жамоалари саватчанинг бир томонидан жой олишди. Демак, мамлакатимизнинг бу икки гранд жамоаси мағлубиятсиз юришларини бирдек давом эттиришса, ярим финалда ўзаро тўқнаш келишади. Сетканинг иккинчи томонидан «Насаф», «Нефтчи», «Локомотив» каби жорий мавсумда ўз олдига юксак вазифаларни қўяётган жамоалар ўрин эгаллашди. «Насаф» ва «Нефтчи» ярим финалда бир-бирларига рўбарў келишлари кутилмоқда. Шундай экан, бу йил ҳам финалда пойтахт дербисига гувоҳ бўлмаймиз. Агар «Локомотив» ҳал қилувчи босқичга қадар етиб бормаса, албатта. Амалдаги кубок соҳиби - «Пахтакор» қуръага кўра, ўз юришини 1|16 финал босқичидан бошлайди. «Шерлар» «Бухоро-2»-»Южанин» жуфтлиги ғолибига қарши сафарда тўп суришади. 1|32 ва 1|16 босқич бир ўйиндан иборат бўлади. Учрашувлар биринчи лига жамоалари майдонида бўлиб ўтади. Нимчорак финалдан бошлаб, жамоалар уй-сафар тизимида баҳслашишади. Кубокнинг амалдаги финалчиси «Насаф» «NBU-Осиё»га қарши ўйин билан ўз иштирокини бошлайди. «Бунёдкор» эса 1|32 финал босқичида «Насаф-2»-»Зомин» жуфтлиги ғолиби билан учрашади. Ўзбекистон кубогининг дастлабки учрашувлари, яъни 1|32 финали 23 март куни ўтказилади. 1|16 финал 29-31 март, 1|8 финал 25-27 май, жавоб учрашувлари 5 июль, чорак финаллар 8 июль, жавоб баҳслари 29 июль кунига белгиланган. Ярим финал ўйинларининг муддати ҳозирча аниқ эмас. Финал эса режага кўра, 18 ноябрь куни бўлиб ўтади. Мусобақада иштирок этадиган клублар ўз футболчиларини 23 февралдан бошлаб ПФЛда рўйхатдан ўтказишлари мумкин. Бу йил олий ва биринчи лига клубларимиз рўйхат топширишни бир вақтда бошлашади. Эрталаб олий лига клублари, куннинг иккинчи ярмида биринчи лига вакиллари рўйхат топширишади. 5 мартдан олий лига клублари қўшимча рўйхат топширишни бошлайдилар. 1-лига вакиллари эса 19 мартдан бошлаб қўшимча рўйхатларни топширишади.

Бу босқич ўйинлари номлари биринчи бўлиб кўрсатилган жамоалар майдонида бўлиб ўтади.

Қуръа ташлаш маросими якунлангач, «Бунёдкор» клуби бош директори Баҳром Давлатов янги мавсум юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:

- «Сўнгги йилларда чемпионатимизда савияли легионерлар сони ортиб боряпти. «Бунёдкор», «Пахтакор», «Насаф» каби жамоалар ўз сафларига ана шундай легионер футболчиларни қўшиб олишяпти. Аммо шундай ҳолатлар бўл-яптики, хорижлик футболчилар вилоятлардаги айрим ўйингоҳларга борганида биз уялиб қоляпмиз. Шундай стадионлар борки, инфраструктура у ёқда турсин, оддий шароитлар ҳам йўқ. Қўпол бўлса ҳам айтаман, ҳожатхона ва ювиниш хоналаридаги ҳолатга йиғлаш керак. Ахир бу қилиниши керак бўлган оддий ишларку. Оддий бир инсоннинг уйида ҳам бундай ҳолатга дуч келмайсиз. Бутун бир стадионда бундай аҳволнинг бўлиши жуда ачинарли. Луис Фелипе Сколари Қаршига борганида «Насаф» стадионида яратилган шароитлардан ҳайратга тушганлигини яшириб ўтирмаганди. Ўша пайтда мен «Насаф»да ишлардим. Келаси йили Сколари билан Муборакдаги ўйинда кўришдик. Бразилиялик мутахассис «Қизилқум»даги шароитдан куюниб гапирди. Ўша пайтда Сколари айтган гапларни айтиш шарт бўлмаса керак. Ҳорижлик футболчи ва мутахассислар Ўзбекистондан яхши таассурот билан қайтишсин. Шунинг учун, Фарҳод Абдуалиевич сиздан бир нарсани илтимос қилардим, мавсум бошланиши арафасида стадионларни қабул қилаётганда бу масалага жиддий эътибор қаратинглар».

Маросим сўнггида Фарҳод Магометов Москвадан келган мутахассисга сўз навбатини берди. Бизга маълум бўлишича, ўзини Александр Иванский деб таништирган мутахассис «Instat Football» лойиҳаси раҳбари экан. Бу компания Россия, Украина ва бошқа МДҲ давлатлари профессионал футбол лигалари билан ҳамкорлик ўрнатган. Шунингдек, «Милан», ПСВ каби Европанинг кўзга кўринган жамоалари ҳам бу компания мижозлари ҳисобланишади. Компаниянинг асосий вазифаси клубларга чемпионатдаги ҳар бир тур ўйинлари ёзилган дисклар, ҳар бир футболчи бўйича алоҳида кўрсаткичлар, стандарт вазиятлар бўйича қисқа фрагментлар, хуллас ўйинга доир барча статистик маълумотларни видео шаклида етказиб беради. Мисол учун, 1-тур ўйинлари бугун кечқурун ўтказилган бўлса, эртаси куни пешингача олий лиганинг ҳар бир жамоаси бош мураббийи ёки раҳбари қўлида қолган барча клубларнинг ўйинлари видео таҳлили ва статистикаси бўлади. Бундан ташқари, олий лиганинг барча профессионал футболчилари ҳақидаги худди шундай тўлиқ маълумотлар ушбу компаниянинг бошқа давлатлардаги мижозларига ҳам жўнатилади. Ўз-ўзидан хориж клубидан футболчиларимизга харидорлар чиқа бошлайди. Бу борада агентларнинг хизматига ҳам эҳтиёж сезилмайди. Клублар ўзаро келишган ҳолда футболчини харид қилиши мумкин бўлади. Бу хизматлар 7,5 минг еврога баҳоланди. Олий лиганинг ҳар бир жамоаси ушбу суммани «Instat Football» компанияси ҳисоб рақамига ўтказиб бериши мумкин. Бу сумма бир йил учун мўлжалланган. Бугунги кунда «Пахтакор» жамоаси бу компания билан ҳамкорлик қилмоқда. Айни пайтда компания хизматларига Италия, Испания, Германия давлатларидан қизиқишлар бўляпти. Агар олий лига жамоаларимиз бу компания билан ҳамкорликни йўлга қўйишса, бундан фақат ўзбек футболи ютади.

 
Ўзбекистон Кубоги-2012
1|16 финал
«NBU-Осиё» - «Насаф»
«Гулистон» - «Жайхун»
«Чуст-Пахтакор»|»Локомотив» БФК - «Металлург»
«Сўғдиёна» - «Оқтепа»|«Пахтакор-2»
«Янгиер»-«Динамо»
«Хоразм» - «Бухоро»
«Машъал-Академия» - «Локомотив»
«Ёрқўрғон» - «Нефтчи»
«Насаф-2»|«Зомин» - «Бунёдкор»
«Хива» - «Шўртан»
«Сурхон-2011» - «Машъал»
«Косонсой»|«Нефтчи-2» - «Қизилқум»
«Динамо-Ғаллакор» - «Андижон»
«Регистон» - «Олмалиқ»
«Бунёдкор-2» - «Навбаҳор»
«Бухоро-2»|«Южанин»(Навоий)-«Пахтакор»

Давоми бор. Мазкур материалнинг давомини ҳамда бошқа қизиқарли мақолаларни
"ИнтерФУТБОЛ"нинг 27 январ кунги жума сонида ўқишингиз мумкин.
Мулоҳаза
Янгисини қўшиш Қидирув RSS
gfgfg  - ggfgf   |80.80.213.xxx |2012-01-27 16:23:28
fgdgfg
Изоҳ қолдириш
Исм:
Email:
 
Мавзу:
 
Илтимос сиздан, юқорида кўрсатилган расмдаги белгиларни берилган қаторга киритинг.
САЙТ ЎЗБЕКИСТОНДА