«ҚИРОЛ ЭРИК» ЕЛИСЕЙ САРОЙИНИ МЎЛЖАЛЛАМОҚДА
«МЮ» клуби афсоналаридан бири бўлган Эрик Кантона Франция президентлиги учун бўладиган сайловларда ўз номзодини қўйишга қарор қилди. Ҳозирда у сайловчиларнинг имзоларини тўплашга киришган.
Франция қонунларига кўра, турли даражадаги ҳокимият раҳбарларидан камида 500 нафари номзодга расман розилик билдиришлари лозим. Кантона шу мақсадда юзлаб шаҳарларнинг мэрларига мактуб йўллади. Хуллас, MLSнинг «Нью Йорк Космос» клуби спорт директори февраль ойининг охиригача етарли имзоларга эга бўлиши шарт.Ўтмишнинг машҳур футболчиси ўз дастурида кам таъминланган аҳоли қатламининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга алоҳида урғу бермоқда. «Мен мамлакатдаги ҳозирги вазиятдан яхши хабардор бўлган фуқароман. Шунингдек, мамлакат тақдирига бефарқ эмасман. Юртимиз ўз келажагини аниқлаб берадиган мураккаб танлов олдида турибди», деди Кантона.
2005 йилда пляж футболи бўйича жаҳон чемпиони унвонига сазовор бўлган «қирол Эрик» ҳозирда ёшларнинг имкониятлари чеклаб қўйилганлиги ва ижтимоий ноҳақликлар учун ҳукуматни кескин танқид остига олди. У мамлакатдаги қашшоқлик ва уй-жой масаласидаги танқисликни бартараф этиш асосий мақсадларидан бири эканлигини таъкидлади. Маълумки, бу муаммолар ҳозирда миллионлаб французларни қийнаб келмоқда. Собиқ футбол юлдузи айнан ана шу кишиларнинг қўллаб-қувватлашларидан умидвор.
Liberation нашрининг фикрича, сайловолди кампанияси баҳонасида Кантона уй-жой масаласини кўтариш ниятида. Унинг «Аббат Пьер» хайрия жамғармаси билан яқиндан ҳамкорлик қилаётгани буни тасдиқлаб турибди. Мазкур жамғарма аввал ҳам бир неча ҳафта ичида 100000дан ортиқ имзо тўплаб, президентлик сайлови қатнашчиларини шу масалага жиддий эътибор беришларини тавсия қилганди. Афтидан, Кантона номзодини қўйиш фикри ҳам шу жам-ғарма раҳбариятидан чиққан. «Мана шу 100000дан ортиқ имзолар уй-жой масаласининг жиддий ижтимоий муаммога айланганлигини кўрсатиб турибди. Инқироз туфайли муаммо тобора кескинлашмоқда. Лекин бизнинг шунча саъй-ҳаракатимизга қарамасдан, Елисей саройидагилар бу мавзуни хушламай тилга олишмоқда, - дейди жамғарма бош-қарувининг раиси Патрик Дютрелинье. - Биз Эрик Кантона каби муаммони дадил кўтариб чиқа оладиган инсонга жуда муҳтож эдик».
Қизиғи шундаки, 2010 йилда Кантона ўз ватандошларини банклардан ўз омонат маблағларини қайтариб олишга даъват қилган, шу йўл билан банкларни йўқ қилишни мўлжаллаганди. Шу тариқа Stop Banque («Йўқолсин, банклар») ҳаракати вужудга келганди. Президентлик курсиси учун курашга киришган футбол вакиллари орасида Кантона биринчи эмас. Ёдингизда бўлса, 1995 йилда жаҳоннинг энг яхши футболчиси унвонига сазовор бўлган Жорж Веа 2005 йилда Либерия президенти лавозими учун кураш олиб борганди. Бироқ унинг яшил майдонларда тўплаган обрў-эътибори сайловда ғалаба қозониш учун камлик қилди. Биринчи турда 28 фоиз овоз билан ғалаба қозонган собиқ ҳужумчи иккинчи турда 67 ёшли Элен Жонсон-Серлифга имкониятни бой берганди. Натижада Африка давлатлари орасида илк марта Либерия президентлиги аёл кишига насиб этганди. «Милан» президенти Сильвио Берлусконининг сиёсий фаолияти янада қизғинроқ: у 3 марта Италия бош вазири лавозимини эгаллашга муваффақ бўлган.
Бироқ Кантонани собиқ касбдошлари билан эмас, балки франциялик таниқли қизиқчи Колюш билан таққослаш ўринлироқ бўлади. Мазкур санъаткор ўз вақтида мамлакатдаги сиёсий вазиятга норозилигини ифода этиш мақсадида ўз номзодини қўйганди. Ўшанда уни сайловчиларнинг 16 фоизи қўллашга ваъда берганди. Лекин негадир кейинчалик у ўз номзодини қайтариб олганди. Кантонанинг қандай натижага эришиши эса апрель ойида маълум бўлади.
Мамлакат раҳбарлиги учун шунингдек, Франциянинг амалдаги президенти Николя Саркози, собиқ бош вазир Доминик де Вильпен, социалистик партия етакчиси Франсуа Олланд, «Миллий фронт» раҳбари Марин Ле Пенлар ҳам кураш олиб борадилар.



