Ноодатий «юлдузлар»: Майдонда шаҳзода
Барча соҳаларда бўлгани каби футболда ҳам йил якунларида энг яхшиларни аниқлаш анъанаси мавжуд. Унда мухлису-мутахассислар футболчиларнинг меҳнатларини муносиб тақдирлашга ҳаракат қиладилар.
Radio Rai2 радиоси эса аксинча, ўз тингловчилари ўртасида сўров ўтказиш орқали 2011 йилда ишончни оқлолмаган футболчилар рўйхатини аниқлади. Football.ua сайтининг «Ўзга футбол» махсус лойиҳасидаги илк мақола шу мавзуга бағишланди.
Шундай қилиб, ортда қолган йилнинг асосий антиқаҳрамонига аталган «Олтин бидон» мукофотига «Интер» ҳужумчиси Милито муносиб кўрилди. Таниқли ҳужумчининг «қора дафтар»дан ўрин олиши кутилмаган ҳол бўлсада, бунга ортиқча ажабланишнинг ҳожати йўқ. Ўз вақтида Ривалдо, Кристиан Виери ва Адрианодек машҳур юлдузлар ҳам шундай «ҳурмат»га лойиқ топилишган. Айниқса, бразилиялик футбол афсонаси 3та «бидон»ни қўлга киритиб, бу борада ўзига хос антирекорд соҳибига айланган.
Хўш, «Интер»нинг аргентиналик легионери чиндан ҳам шундай таҳқирга лойиқмиди? Фикримизча, йўқ. Шунингдек, дастлабки ярим йилни «Парма» сафида аъло даражада ўтказган Амаурининг иккинчи ва «Атлетико»дан яқинда ўтганлиги сабабли Италияга дурустроқ мослашиб олишга улгурмаган Диего Форланнинг учинчи ўриндан жой олишлари ҳам таассуфланарли ҳол. Бироқ бундай мантиққа зид қарорлар - янгилик эмас. «Олтин бидон» ҳар доим ҳам ўзининг муносиб эгасини топавермаслигига ишонч ҳосил қилиш учун бироз ортга қайтишга тўғри келади.
2003 йили таъсис этилган бемаъни совриннинг илк эгаси - бразилиялик Ривалдо. «Бу жаҳон чемпионига нисбатан ўта ҳурматсизликдан бошқа нарса эмас»,-деган эди ўшанда Бразилия терма жамоаси бош мураббийи вазифасини бажарган Карлос Альберто Паррейра. «Фахрли» иккинчи ўрин Саади Каддафига берилиши Ривалдога нисбатан ҳақоратни янада кўпиртириб юборганди. Ливия етакчиси бўлмиш полковник Муаммар Каддафининг ўғли ўшанда «А» сериясида бор-йўғи ярим йил тўп сурганди. Аслида бу ибора ҳам муболағадан ўзга нарса эмас. «Перуджа» таркибига июнь ойида қабул қилинган Саадининг қонидан таъқиқланган модда - нандролон топилганлиги боис у октябрь ойида дисквалификация қилинган ва умуман майдонга тушмаётганди. Умуман, Каддафининг трансфери клуб президенти Лучано Гауччи фаолиятидаги энг нурсиз келишувлардан бири бўлиб қолди. Президент аввал ҳам ўз жамоасига аёл футболчини қабул қилиш, ЖЧ-2002да Италия термаси йўлини тўсиб қўйган Жанубий кореялик Ан Жун Хванни «Перуджа»дан ҳайдаб юбориш билан қўрқитиш каби антиқа қилиқлари туфайли донг таратганди. Иккинчи ҳужумчи позициясида ўйнайдиган Каддафи «Перуджа»га келишидан аввал «Ал-Аҳли», «Ал-Иттиҳод» клубларида ва Ливия термасида тўп сурганди. Очиғини айтганда, у «А» серияси савиясига жавоб беролмасди. Лекин «Ювентус»нинг ашаддий мухлиси ва клуб акциялари соҳиби эди.
Гауччи эса ҳар қандай йўл билан кўпчиликнинг эътиборини қозониш пайида бўладиган раҳбарлардан бири сифатида гавдаланган. «Мазкур келишувдан ҳаммамиз беҳад мамнунмиз. «Перуджа» футбол тарихидан муносиб жой олишига ишончим комил»,-деганди ўшанда Гауччи. Тавба, фақат спортдаги юксак натижаларгина тарих саҳифаларидан жой олишни таъминлашини наҳотки, клуб президентидек нуфузли шахс тушунмаса? Тўғри, Саадида «Ювентус» ва «Лацио» футболчилари билан биргаликда машғулот ўтказиш имконияти бор эди. Ливиялик вақтида Диего Марадона ва канадалик спринтер Бен Жонсонларни ўзига шахсий мураббий сифатида ёллаб, улардан сабоқ олганди. Лекин 30 ёшли футболчига «А» серияси жамоаларидан харидор чиқиши ҳеч кимнинг хаёлига келмаганди. Мазкур келишувнинг сиёсий жиҳатлари ҳам йўқ эмасди. Бу хусусда Италия футболининг тарихчиси Жон Фут ўз блогида батафсил ҳикоя қилганди. Ливия нефтига йўл топиш апеннинлик бизнесменларнинг орзулари ҳисобланарди. Сильвио Берлускони биринчилардан бўлиб Каддафининг Перуджага келишини маъқуллади. Кейинчалик Гауччидан Саадини асосий таркибга ўтказишни илтимос қилди. Бироқ айнан шу масалада жиддий муаммога дуч келинди - мулойимроқ қилиб айтганда, Саади уқувсиз футболчи эди. У шартномага имзо чекканидан кейин ОАВ вакиллари Ливия терма жамоасининг ўша пайтдаги бош мураббийи Франко Шольодан интервью олишга ошиқишди. Дарвоқе, айнан шу мураббий кейинроқ Муаммар ворисини асосий таркибга киритмаганлиги туфайли вазифасидан озод этилганди. Саадининг фазилатлари хусусида тўхталган мутахассис унинг майдонни яхши кўра билиш қобилиятини алоҳида таъкидлаб, қуйидагиларни қўшимча қилади: «Унинг имкониятлари чекланганлиги яққол кўриниб турибди. Саади юқори суръатга кўниккан эмас, ҳаракатларида динамик сифатлар етишмайди. Бусиз замонавий футболда муваффақиятга эришиб бўлмайди». «Перуджа» бош мураббийи Серсе Косми ҳам иложи борича Каддафини асосий таркибдан узоқроқ олиб юришга ҳаракат қилди. Қолаверса, омад ҳам бу борада унга яқиндан ёрдам берди. Биринчидан, футболчининг организмида қайд этилган нандролон моддаси 3 ойлик дисквалификацияни таъминлади. Иккинчидан, Саадининг тез-тез жароҳатланиши мураббийга қўл келди.
Лекин 2004 йилнинг май ойида Космида уни майдонга туширишдан ўзга чора қолмади. «Перуджа»нинг ўз майдонида «Ювентус»га қарши ўтказган учрашуви якунланишига 15 дақиқа қолганида ливиялик футболчи Жэй Ботройд ўрнини эгаллади. Тан олиш керакки, вазият ҳар икки томон учун ҳам жуда мос келди. Саади ўзининг севимли жамоасига қарши майдонга тушди. Қолаверса, ўша дақиқаларда «Юве» 0:1 ҳисобида имкониятни бой бераётган, бу ҳам етмагандек, майдонда 10 киши бўлиб қолганди. «Феррара майдондан четлатилганидан бир дақиқа ўтгач, Косми «Перуджа»нинг сон жиҳатдан устунлигини амалда йўққа чиқарди»,-деб ёзганди ўшанда La Gazzetta dello Sport киноя билан. - Саади 15 дақиқа ичида 2 марта тўпга тегинишга муваффақ бўлди. Уни 31 ёшга тўлганлигини инобатга олсак, ҳали ҳаммаси олдинда дейишга ҳаққимиз йўқ!» Каддафининг тўп билан 2 марта мулоқот қилганлигига келсак, аввалига у рақиб футболчиси томонидан узатилган тўпни эгаллашга, иккинчи вазиятда эса ўз жамоадошига зарба бериш имкониятини таъминлашга уриниб кўрди. Аммо буларни уддалай олмади. Шунга қарамай, у ўз қувончини яширолмади. «Перуджа»га ғалаба келтирган ягона гол муаллифи - Фабрицио Раванеллининг таъкидлашича, Саади ўз дебютини муносиб нишонлаш мақсадида ҳар бир жамоадошига биттадан автомобиль совға қилишга ваъда берган экан.
Каддафининг ўйинини аямай танқид қилган журналистлар «Унинг ғурурига озгина бўлсада, таъсир ўтказдик», деб ўйлаб хато қилгандилар. «Ювентус» устидан қозонилган ғалаба «Перуджа»нинг элитада ўз ўрнини сақлаб қолиши учун камлик қилди. Бироқ Саади жамоа таркибида қолди. Тўғри, ҳатто янги бош мураббий Стефан Колантуоно раҳбарлигида «В» сериясида тўп сурган жамоада ҳам деярли ҳамма вақт захира ўриндиғида қолиб кетди. У ҳаммаси бўлиб 48 дақиқа (шунда ҳам Италия кубоги доирасидаги баҳсда) тўп сурди. Лекин нима бўлишидан қатъий назар, Каддафи ҳеч қачон умидсизликка тушган эмас. «Агарда «Перуджа» сафида эмас, «Ювентус» каби топ-клуб таркибида ўйнаганимда, ўз маҳоратимни тўлароқ намойиш этган бўлардим. Чунки юксак савиядаги футболчилар билан ёнма-ён ўйнаш осонроқ. Буни Ливия термаси таркибида жаҳон футбол юлдузлари термасига қарши майдонга тушганимда исботлаганман. Лекин сиз нима учун «Юве» ҳақида савол беряпсиз? Нима, менинг ушбу жамоага ўтишим хусусида гап-сўзлар бўляптими?» Саади 2005 йилнинг апрелида Sportweek журналига берган интервьюсида худди шундай деганди. Келаси йилнинг ёзида Саади «Удинезе» таркибига ўтди. Бу пайтда жамоа унинг собиқ устози - Серсе Косми раҳбарлиги остида фаолият олиб борарди. Фриулия жамоасида ливиялик легионер тўлиқ ...11 дақиқа тўп суришга муваффақ бўлди! Ўшанда унинг жамоаси «Кальяри» устидан 2:0 ҳисобида ғалабага эришди. Захирадан майдонга туширилган Саади эса шу 11 дақиқа ичида нақ 13 марта тўп тепишга эришди. Ҳар ҳолда, La Pepublica газетасининг ҳисоботида шундай ёзилган. У ҳатто рақиб дарвозабони Антонио Киментининг маҳоратини синовдан ўтказишга ҳам улгурганди.
Каддафининг Италиядаги сўнгги клуби «Сампдория» бўлди. Унинг янги жамоадаги фаолияти ҳам «фантастик» тарзда ўтди - бир марта бўлсада, майдон юзини кўргани йўқ. Ҳозирда Каддафи Интерпол томонидан қидирилмоқда. Ливиянинг собиқ шаҳзодаси давлат мулкини талон-тарож қилганлик ва фуқароларни турли мақсадларда қўрқитганликда айбланмоқда. Бундан атиги 5 йил муқаддам «Стадио Фриули» трибуналарига тўпланган мухлислар бу нўноқ футболчининг ишончсиз ҳаракатларига киноя аралаш бўлсада, қарсак чалганларини ҳозирда тасаввур қилиш жуда мушкул. Ҳа, Саади бемаъни фаолияти туфайли Италия афсонасига айланди. Футбол оламидаги антиқа антисоврин - «Олтин бидон» шундай буюк антиқаҳрамонни четлаб, Ривалдога насиб этганига ишониш бунданда қийин...!



