Ой якунлари: Фақат ўсмирлар…
Ноябрь ойининг илк куни футбол мухлисларимизга олам-олам шодлик улашди.
Аниқроқ ифода этадиган бўлсак, Алексей Евстафеев бошқарувидаги ўсмирларимиз 1 ноябрь куни Сурияга қарши баҳсда келаси йили Мексикада бўлиб ўтадиган кичик мундиал йўлланмасини нақд қилишди. Табиийки, буни бутун мавсумнинг асосий воқеаси сифатида эътироф этсак ҳам арзийди. Қолаверса, ўсмирлар терма жамоамиз кейинчалик ярим финал ва финал ўйинларида ҳам ишқибозу мутахассисларга манзур бўладиган футбол намойиш этиб берди. Хуллас, ноябрь ойи лауреатларини фақат ўсмирлар термасидан танлашни лозим топдик. Тўғри, шу ойда, шунингдек, Аҳмад Убайдуллаев етакчилигидаги олимпия термамиз Гуанжоуда Осиё ўйинларида иштирок этди. Бироқ натижа, энг асосийси, ўйин сифати кўпчиликни қониқтирмади. Бас шундай экан, ушбу жамоадан кимнидир лауреатликка даъвогар сифатида олишимиз мантиққа унчалик тўғри келмайди, гарчи баъзи футболчилар нисбатан фаолроқ ҳаракат қилган бўлсаларда. Қолаверса, ноябрь ойидаги баҳсларда Баҳодир Насимов ва Максим Шацких каби легионерларимиз ўзларини кўрсатишди, Сервер Жепаров ва Жасур Ҳасановлар ҳам тегишлича Ж.Корея ва Қатарда фаолликлари билан ажралиб туришди. Бироқ яна қайтарамиз, айнан Ўзбекистон ўсмирлар термаси ноябрь ойи футболига мазмун бағишлади, шу вақт оралиғида спортимизга ўзига хос безак берди. Ўйлаймизки, бизнинг танловимиз сизларда айтарли эътироз туғдирмайди.
Евстафеев яна энг яхши
Чемпионат ўйинларига хотима ясалгани сабаб, ойнинг энг яхши мураббийи бўлиш учун даъвогарлар рўйхатини тузишга қийналдик. Бу борада жамоасини ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати финалига олиб чиққан Алексей Евстафеевга олимпия термаси бош мураббийи Аҳмад Убайдуллаевнинг рақобат тақдим этиши кутилганди. Бироқ Хитойда жамоамиз салбий натижа кўрсатгач, Убайдуллаевнинг номзоди ўз-ўзидан эътибордан тушди. Қисқаси, мураббийлар танловида Алексей Евстафеев ҳеч қандай шубҳасиз, яна энг яхши, деб топилди. Яна дейишимизга сабаб, эсласангиз, октябрь ойида ҳам айнан ёш мураббийимиз бош лауреат бўлганди. Шундай қилиб, Евстафеев умумий рўйхатда бирданига 3-ўринга кўтарилди. Эътиборлиси, мураббийлар ичида биргина Миржалол Қосимов ундан кўпроқ (3 марта) ой лауреати сифатида эътироф этилган. Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, ўсмирларимизнинг муваффақиятларида фақат Алексей Евстафеевни улуғлаш ҳам бироз нотўғри. Албатта, асосий хизмат барибир уники. Лекин йил давомида ёш мураббий билан ҳамнафас ҳолда ишлаган мутахассислар борки, уларнинг хизматларини ҳам эътиборга олиш жоиз. Мисол учун, Аҳмаджон Мусаев. Терма жамоамизнинг бир қатор футболчилари биз билан суҳбатда Евстафеев қатори Аҳмад акани ҳам алоҳида тилга олиб ўтишганининг ўзиёқ унинг жамоага кўп меҳнати сингганидан далолатдир. Қолаверса, Мусаев ЖЧга йўл олган аввалги ёшлар термамизда ҳам ёрдамчи мураббий бўлиб ишлаганини қайд этиб ўтиш лозим. Умуман олганда, ўсмирларимиз ютуқлари нафақат Евстафеев ва Мусаев, балки мураббийлар штабидаги барча мутахассисларнинг улкан ишлари самарасидир.
Қийин танлов
Энг яхши мураббий сўровида ҳеч иккиланмаган бўлсак, футболчилар танловида жуда бош қотиришимизга тўғри келди. Ахир ўсмирлар термасидаги кўплаб футболчилар энг яхши бўлишга ҳақли ўйин намойиш этишди. Мисол учун, Мексика йўлланмаси қўлга киритилган Сурияга қарши 1|4 финал баҳси қаҳрамонлари сифатида биттадан голга муаллифлик қилган Аббос Махсталиев ва Темур Ҳакимовлардан ташқари, Сардор Раҳмоновни ҳам алоҳида эътироф этиш мумкин. Ахир 1:1 ҳисоби қайд этиб турилган пайтда ушбу ҳимоячи дарвозамизга тўғри кириб кетаётган тўпни жон-жаҳди билан қайтариб қолмаганида, якуний натижа қандай бўларди - бу ҳақда бир нарса дейиш қийин. Австралия билан бўлган ярим финал ўйинида эса жамоа сардори Аббос Махсталиев мутлақ қаҳрамонга айланди. Финал йўлини очган иккита гол уришидан ташқари, бутун 90 дақиқа давомида заррача тиним билмади. Қисқаси, жамоани ўз ортидан эргаштира олди. Финал ўйини эса умуман бошқа мавзу. Гарчи 0:2 ҳисоби қайд этилган бўлсада, унда барча йигитларимиз чинакам характер кўрсатишди. Фақат савиясиз (эҳтимол, нохолисдир) ҳакамлик жамоамизни тарихда илк марта Осиё чемпиони бўлишига тўсқинлик қилди. Асосий роль ижрочиларидан ташқари, Муҳаммаджон Абдуллаев, Азизбек Муротов, Сардор Собирхўжаев, қўйингки, барча-барча йигитларимиз фаол ҳаракатлари билан олқишларга сазовор бўлишди. Биз эса якунда тортишиб-тортишиб Аббос Махсталиевни ноябрь ойининг энг яхши футболчиси, деб топдик. Унинг жамоада «мотор» вазифасини бажариши яққол билиниб турди. Ҳа, ОФК турнирнинг энг яхши футболчисига аталган совринни Темур Ҳакимовга топширди. Лекин тахминимизча, Аббос финалда ҳакамнинг шошма-шошар қарори билан қизил карточка олмаганида, ОФК расмийлари ҳам бу борада иккиланиб қолишарми-ди? Яъни Темур Ҳакимов қатори Махсталиев ҳам энг яхши бўлишга лойиқ эди. Мусобақанинг асосий кашфиёти - Темурнинг жамоамизда қандай ҳажмдаги ишларни бажаргани хусусида ортиқча тўхталиб ўтишнинг ҳожати йўқ. Ҳужумчимизнинг гол урмаган ўйинларда ҳам рақиб ҳимоячиларини кўз очиришга қўймагани таҳсинларга лойиқ.
Танловимизнинг 3-ўрнини тезкор ярим ҳимоячи Муҳаммаджон Абдуллаевга бердик. Ушбу футболчимиз қанот бўйлаб юришларидан ташқари, ҳимояга ҳам етарлича кўмак беришга улгурди. Қисқаси, у ҳам ўйинларда Аббос сингари тиним билмади. 4-ўринга эса Сардор Раҳмоновни лойиқ кўрдик. Ҳа, у финал ўйинининг 32-дақиқасидаёқ қизил карточка олиб, жамоамизни қийин аҳволда қолдирди. Лекин юқорида таъкидланган ўша жасорати - 1|4 финалда термамизнинг муқаррар голдан сақлаб қолганининг ўзиёқ салмоқли «тош босади». Ахир ЖЧга йўл айнан ўша учрашувда очилди. Умуман олганда, қизил карточка билан «сийланган» вазият учун ҳам уни айблаш ноўрин. Тўғри, Сардор хавфли ҳаракат қилди, лекин бу ҳол қизил карточкага тортмасди. Буни етакчи ҳакамимиз Равшан Эрматов ҳам асосли далиллар билан изоҳлаб берди. Якунда умид қиламизки, ўсмирларимиз келажакда нафақат ой, балки йил лауреати бўлишга муносиб ўйинларини давом эттиришади.
Мана, анъанавий танловимиз ҳам ниҳоясига яқинлашиб қолди. Олдинда декабрь ойи якунлари қолди, холос. Лекин миллий жамоамиз йиғинларини ҳисобга олмасак, қишнинг илк ойи футболдан холи давр. Эҳтимол, декабрнинг энг яхшиларини миллий жамоамиз вакиллари орасидан танлармиз...? Нима бўлган тақдирда, йиллик якунни эълон қилишга яна бироз сабр қилиб турамиз.
Мураббийларнинг ноябрь ойидаги натижалари
1 Алексей Евстафеев 3 2 0 1 4-4
Футболчиларнинг ноябрь ойидаги натижалари
1 Аббос Махсталиев 3 267 3
2 Темур Ҳакимов 3 270 1
3 Муҳаммаджон Абдуллаев 3 270 -
10 Вадим Абрамов («Локомотив», м.т.ж.) 1 0 0 0 5
11 Сержио Сапо (Ўзбекистон м-ф. т.ж.) 0 1 0 0 4
17 Муҳаммаджон Абдуллаев (Ўзбекистон ў.т.ж.) 0 0 1 0 3
19 Нодир Элибоев (Ўзбекистон м-ф.т.ж.) 0 0 0 1 2
20 Дилшод Ирсалиев (Ўзбекистон м-ф.т.ж.) 0 0 0 1 2
Манба: "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.



