Суҳроб Неъматов: «Энди кутиш қолди...»
«Бухоро» гарчи якунланган мавсумни ўта муваффақиятсиз ўтказган бўлсада, унинг таркибида бир қатор истеъдодли ёшлар намоён бўлишди. Шундай футболчилардан бири ярим ҳимоячи Суҳроб Неъматовдир.
У айниқса, мавсумнинг финиш қисмини кўтаринки руҳда ўтказиб, охирги учта баҳсда майдонни голсиз тарк этмади. Афсуски, Суҳробнинг голлари жамоасининг элитадаги ўрнини сақлаб қолишига етарли бўлмади.
- Клубингиз гарчи яқинда ниҳоясига етган мавсумнинг кўплаб учрашувларида яхши ўйин намойиш этган, рақибларига муносиб қаршилик кўрсатган бўлсада, керакли натижаларни қайд этолмади. Бунинг сабаби нимада?
- Биринчидан, жамоамиз таркиби асосан ёшлардан иборат эди ва кўплаб баҳсларда бизга тажриба етишмади. Иккинчидан, етакчи ўйинчилари-миз - Нодир Жўраев, Александр Критинин, Сергей Ивлев ва Дилявер Абибуллаевларни мавсум давомида мунтазам жароҳатлар таъқиб қилди. Шунингдек, сариқ ва қизил карточкалар... «Бухоро» сингари клуб учун асосий таркибнинг бир футболчисидан айрилиш ҳам катта йўқотиш саналади. Учинчидан, айрим баҳсларда ҳакамлар томонидан йўл қўйилган хатолар ҳам бизга қимматга тушди. Бундан ташқари, давралар оралиғидаги танаффус вақтида жамоамизни етти нафар футболчи тарк этди. Уларнинг айримлари клубимиз етакчилари эдилар. Тўғри, иккинчи давра арафасида таркибимизга бир қатор янги футболчилар қўшилишди. Бироқ уларнинг жамоа ўйинига киришиб кетишлари учун муайян вақт керак бўлди. Асосийси, ҳужумларни якунига етказа олмаслигимиз панд берди.
- «Бухоро» ўтган йили ҳам худди шундай аҳволга тушганди. Ўша хатолардан хулоса чиқарилмадими?
- 2008 йилда клубимизда тўрт нафар мураббий фаолият олиб борганди. Уларнинг ҳар бири жамоамиз ўйинига ўз услубини татбиқ этишга ҳаракат қилди. Янги тактикага мослашиш эса маълум вақт талаб этиши ўзингизга маълум. Ўтган мавсумдаги муваффақиятсизлик сабаби шу. Жорий мавсумда эса жамоамизга мамлакатимизнинг таниқли мутахассисларидан бири Рауф Инилеев бош мураббий этиб тайинланди. Шу боис, раҳбарларимиз бу йилги натижалар яхши бўлишига умид қилишганди. Аммо юқорида айтганимдек, кўплаб ўйинларда тажриба, баъзиларида эса омад етишмади.
- Рауф Талгатович борасида нима дея оласиз?
- Анча тажрибали мутахассис ва яхши фазилатларга эга инсон. Кўпни кўрган, футболчилар кўнглига йўл топа оладиган ажойиб руҳшунос. Мавсум давомида барчамизга яхши муомалада бўлди ва клубимизнинг яхши ўйин намойиш этиши учун қўлидан келганича интилди. Лекин... Шундай мутахассис билан муваффақиятсизликка учраганимиз афсусланарли ҳол, албатта.
- Жамоангизда молиявий муаммолар юзага келмадими?
- Йўқ. Маош ва мукофот пулларини ўз вақтида олдик. Клубимизнинг муваффақиятсиз иштирокига молиявий масалаларнинг ҳеч қандай таъсири йўқ. Шунингдек, ҳужумчилар ҳам ўз вазифаларини яхши бажаришди. Жумладан, Лочин Солиев тўпурарлар рўйхатига кирди.
- Мухлислар сиз ҳақингизда етарли маълумотга эга эмаслар. Шу боис футболга қай тарзда кириб келганингиз борасида батафсил тўхталиб ўтсангиз...
- Бухородаги футбол мактаб-интернатида таҳсил олганман. Гарчи оиламизда ҳеч ким спортчи бўлмасада, яқинларим футболчи бўлишимга қаршилик кўрсатишмаган. 2001 йили вилоятимизнинг бош жамоаси - «Бухоро» таркибига қўшилдим. Аввалига ўринбосарлар таркибида тўп сурдим. 2006 йилдан буён асосий таркибда ўйнаяпман.
- Сизга бошқа клублардан ҳам таклифлар бўлганми?
- Албатта. Лекин «Бухоро»ни тарк этгим келмади. Бундан ташқари, жамоа билан тузилган шартномамнинг муддати якунига етмаганди.
- «Бухоро» авваллари мамлакатимиздаги кучли клублардан бири эди. Кейинчалик ўртамиёна, сўнгги икки йил ичида эса аутсайдер жамоага айланиб қолди...
- Бунинг сабаблари кўп. Жумладан, клубимизни кўп йиллар мобайнида бош-қарган Усмон Тошев истеъфога чиққач, таркибда тез-тез ўзгаришлар, мураббийлар қўнимсизлиги юз берди...
- Мана, жамоангиз элитани тарк этишга мажбур бўлди. Энди кейинги режалар қандай?
- Буёғига Ўзбекистон футбол федерацияси қарорини кутаман. Клубимиз келаси мавсумни ҳам олий лигада ўтказадиган бўлса, фаолиятимни шу ерда давом эттираман. Акс ҳолда, бошқа жамоадан қўним топишим мумкин. Ҳаммасини вақт кўрсатади.
Лўнда савол-жавоблар
- Хуш кўрадиган таом ва ичимлигингиз?
- Таомлардан палов ва қуймоқни, ичимликлардан эса шарбатни.
- Футболдан бўш вақтда қандай ҳордиқ чиқарасиз?
- Қайси автомобиль русумини ёқтирасиз?
- Ватанимиз киноижодкорлари томонидан суратга олинган «Тавба» фильми. Умуман олганда, менга ҳаётий кинолар ёқади.
- Футболдан ташқари яна қайси спорт турларига қизиқасиз?
Манба: "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.



