Орзуга айб йўқ ёки Виртуал финал
Ассалом-алайкум, қадрли футбол ихлосмандлари. Мана, ниҳоят жаҳон чемпионатининг ҳал қилувчи баҳсига ҳам етиб келдик. Кўриб турганингиздек, сап-сариқ юмалоқ майдонга мезбон - Бразилия ва ...кутилмаганда,
ҳаммани ажаблантираётган Ўзбекистон миллий жамоалари чиқишмоқда. Хўш «пентакампионлар» 6-марта жаҳон кубогини «оёқ»қа илиб, ўзларига янги ном қабул қилишадими ёки соврин илк бор Осиё қитъаси, яъни Амир Темур аждодлари юрти - Ўзбекистонга йўл олади? Буни ушбу ўйин якунланганидан сўнг билиб оламиз. Бугун «Марадона» стадиони, йўғ-е-е, «Маракана» жаҳон рекордини ўрнатган ҳолда ўз бағрига 250 минг мухлисни сиғдирди. Экранлар қаршисида жой олган ишқибозлар сони эса шубҳасиз, миллиарддан ошиб кетган. Қизиқ, омад ва ҳакам худди Роналдиньоникидай қилиб ким томонга кулиб боқаркин?! Дарвоқе, беллашувни Баҳрайнда хизмат кўрсатган Осиёнинг энг кучли ўртамиёна ҳаками - Йошида амаки бошқариб боради. Энди диққатимизни бевосита учрашувга қаратамиз. Тўпни «оқ бўрилар» ўйинга киритишди. Демак, жамоалар таркиби... Ҳозир мезбонлар ҳужум кетидан ҳужум уюштириш билан оворалар. Робинев, Неймаров ва Какаевлар томонидан йўлланаётган кетма-кет кучли ва аниқ зарбалар йўлига ўзбеклар посбони Игнатиор тўғаноқ бўлмоқда. Шуни таъкидлаш жоизки, ўйиндан олдин кўпчилик Бразилия жамоасини фаворит санаб, мезбонларнинг ўта йирик ғалабасини тахмин қилди. Бироқ меҳмонлар ҳам бўш келмасликлари аниқ. Мана, ниҳоят, ўзбекистонликлар ҳам ўз услубларига мос равишда аста-секинлик билан ҳужумга ўтишмоқда. «Арсенал»да ўйновчи Одилдиньо тўпни ҳужум чизиғи, «Реал» вакили Темурдога узатди. Зарбааааааа! Афсус, тўп дарвозадан 40 метр баландликдан ўтиб кетди... 27-дақиқа: Какаев тўпни ўнг қанотдаги Неймаровга узатди. У чаққонлик билан Саҳобдо ва Анзурдиньоларни алдаб ўтиб, тўпни кучли тарзда дарвозага йўллади. Гоооллл! Ҳисоб очилди-1:0. Какаев Неймаровнинг бутсасини тозалаб, голни нишонламоқда. «Маракана» ларзага келди. Бразилияликлар устози Роналдоев, ёрдамчилари Ромариев ҳамда Ривалдовлар хурсандчиликларидан дўппиларини осмонга ирғитишмоқда! Ўзбекистонликлар устози Вадимлари эса жаҳли чиққанидан мўйловини асабий тарзда силамоқда. «Марадона» (қанақа «Марадона», ахир «Маракана»-ку?! Шу шарҳловчига бир нарса бўлган ўзи...) дарҳол байрамни бошлаб юборди. Ўйинни кузатишда давом этамиз. Биринчи бўлимнинг сўнгги дақиқалари. «Оқ бўрилар» ҳужумга ташланмоқдалар. Бу вазиятда Александро бироз айёрлик ишлатиб йиқилди, ўйин қоидасини Майконов бузди. Дунёнинг энг ақлли ўртача ҳаками Йошида амаки эса ҳаммани ажаблантирган ҳолда Анзурдиньони огоҳлантирди. Жарима тўпининг олдига Жепардино яқинлашмоқда. Дарвозагача 2800-3000 сантиметр масофа бор. «Жонли девор»ни Марселов, Алвешев, Рамиресов, Эланов, Патоев ва Робиноевлар ташкил этишди. Зарба! Эҳ, агар тўп 10 метрларча пастроқдан йўлланганида, бразилияликлар посбони Юлий Сезаров йиғлашга тушармиди? Мана шу лаҳзада Йошида амаки карнайини чалди ва жамоаларни танаффусга чорлади.
Қадрли футбол ишқибозлари, «сариқ девлар» билан «оқ бўрилар» иккинчи тайм «жанг»ига тайёрланишмоқда. Ҳозирча «девлар» «бўрилар»ни кичик ҳисобда мағлубиятга учратишяпти. Ўзбекистон жамоаси мураббийи Вадимлари биринчи бўлимда унча кўзга ташланмаган Смоляченкарнинг ўрнига тезкор ярим ҳимоячи Шерзодино, анча фаол ўйнаётган Александро ўрнига Аббосдинони майдонга туширмоқда. Йошида амакининг карнайидан сўнг тўпни «сап-сариқ девлар» ўйинга киритишди. Жамоалар таркиби билан яна бир бор таништиришни хоҳламасдим-у, лекин на илож... Демак, меҳмонлардан бошлаймиз: дарвозада Игнатиор, ҳимояда... Қаранг-қаранг, ҳимоячи Саҳобдо тўпни «девлар»дан олиб қўйди ва меҳмонлар зудлик билан ҳужумга ўтишмоқда. Одилдиньо, Сервердино, Шерзодино, Аббосдино... У тўпни олдинга, ҳужумчи Ивандога узатди. Лекин афсуслар бўлсинки, бу вазиятда меҳмонларнинг 10-рақамдаги форварди ўйиндан ташқари ҳолатга тушиб қолди. Бугунги баҳсда Ивандино учинчи маротаба шу ҳолатда қолиб кетди. Ўйиннинг 55-дақиқаси ўтиб бормоқда. Марселов тўпни Майконовга, у эса Какаевга узатди. Тўп Патоевда. О-о-о! У йиқилди! Бу вазиятда Анзурдиньо қўполлик ишлатди, деб топди ҳакам. Пенальти!!! Қўшимчасига, бош ҳакам Анзурдиньони майдондан четлатишга қарор қилди. «Оқ бўрилар» ҳакамга ўз эътирозларини билдиришмоқда. Лекин ҳакамни «эритиш» анча қийин... «Нуқта»га Неймаров яқинлашди. Неймаров ва Игнатиор ўртасида «чинор остидаги дуэль». Зарбаааа! Гоооол демоқчи эдим, лекин гол бўлмади. Зарба йўлига катта маҳоратини ишга солган Игнатиор тўғаноқ бўлди. Мана, ўзбекистонликлар ҳам тезкор қашқадарёча ҳужумга ўтишмоқда. Тўп Шерзодинода, у бир, икки, уч, қойил, тўртинчи ҳимоячини ҳам алдаб ўтди ва тўпни захирадан ўйинга қўшилган Аббосдинога етказиб берди. Уни эса Марселов чалиб йиқитди. Ҳакам Марселовга... кўкми бу...? Йўқ, адашибман, сариқ карточка кўрсатди. Яна пенальти! Жабрланувчи Аббосдино ўрнидан дарҳол сакраб туриб, «нуқта»га яқинлашди. У Миржалолино услубида Юлий Сезаров дарвозаси томон кучли зарба берди... Гоооллл, гоооллл, гооооллл! Ҳисоб тенглашди-1:1. Бразилияликлар тўп киритишганида жамоа мураббийи ва унинг ёрдамчилари нималар қилганини кўрдингиз. Энди навбат Вадимлари ва унинг ёрдамчилари - Миржалолино ҳамда Максимдиноларга келди. Бразилияликлар устози Роналдоевнинг тепа сочи тикка бўлди. Эее... Нималар деяпман, Роналдоевда соч нима қилсин?! Ахир, у парик кияди-ку! Аламзада Ромариев ва Ривалдовлар эса бурунларини тишламоқдалар. Буёғига учрашув яна шиддатли ўтса, ҳеч ким ҳайратланмайди.
Сўнгги дақиқалар ҳам етиб келди. Йошида амаки ўйинга 3 дақиқа қўшиб берди. Мана, бразилияликларнинг тиниб-тинчимас ҳужумчиси Неймаров ҳимоячиларни чаққонлик билан алдаб ўтяпти, у Саҳобдодан ўтди ва Игнатиор қаршисида ёлғиз қолди. Бутун стадион ҳаяжонда. Неймаров дарвоза сари яқинлашиб зарба берди... Учрашувнинг бош қаҳрамони Игнатиордан навбатдаги ва такрорланмас буюк «сейв»! Бразилияликлар устози Ронолдоев ўз шогирдига эътироз билдира бошлади. Стадионга келган мухлислар эса Неймаровга яшил ва қизил помидорлар, картошка, пиёз ҳамда «Ролтон»ларни улоқтиришмоқда. Бундан фойдаланган ўзбекистонликлар эса тезлик билан қарши ҳужумга ўтмоқдалар. Ивандино тўпни ҳужумдаги шериги Темурдога узатди. Темурдонинг ўта кучли зарбасидан тўп дарвозанинг «тўққиз»лигидан жой олди. Гооооооооол!!! Бутун жаҳон аҳли «шок»ка тушди. Худди шу онларда Йошида амаки финал ҳуштагини чалди ва Ўзбекистон терма жамоаси ЖАҲОН ЧЕМПИОНИ бўлди...
- Фурқат, ўчир компьютерингни! Биз сени имтиҳонга тайёрланяпти десак, футбол ўйнаганинг нимаси-а?!
Ойимнинг ногаҳон кириб келишидан чўчиб кетдим. Қарасам, соат 24 бўлибди. Жин урсин, ахир эртага имтиҳон-ку! Виртуал финалга берилиб кетиб, паққос ёдимдан кўтарилибди-я! Лекин финал учрашуви жуда зўр ўтди. Қани энди бу ҳақиқат бўлиб чиқса! Нима дедингиз?!



