Вадим Абрамов: "Барчаси сўнгги турда ҳал бўлади..."
Ироқ терма жамоасига қарши учрашувдан сўнг ўз фикрларини билдираркан, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов қайд этилган салбий натижа жамоа руҳини синдира олмаслигини ва Ўзбекистон олимпиячилари
Лондонда бўлажак Олимпиада ўйинлари йўлланмаси учун охиригача кураш олиб боришларини таъкидлаб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, Ироқ ҳамда Ўзбекистон олимпия терма жамоалари ўртасидаги Олимпиада-2012 3-саралаш босқичи 5-тур учрашуви майдон эгаларининг 2:1 ҳисобидаги иродали ғалабаси билан якунига етди.
«Афсуски, футболда шунақаси ҳам бўлиб туради. Ҳеч ким мағлубиятдан кафолатланган эмас. Биринчи бўлимни яхши бошлаганимиз билан ўйинни ғалабагача олиб бора олмадик. Бундан ҳам ёмонроғи — бугун мағлубиятга учрадик. Шунга қарамай, мағлубият жамоамиз руҳини синдира олмайди», деди ўзбекистонлик олимпиячилар устози.
«Олдимизда яна бир ўйин бор ва биз унда ғалаба қозониб, гуруҳда биринчи бўлиш учун қўлимиздан келган барчасини қиламиз», дея қўшимча қилди Абрамов.
«Эртага гуруҳимиздаги қолган икки жамоа ўзаро ўйинда майдонга тушишади. Албатта, агар ушбу баҳсда БАА термаси очко йўқотса биз учун айни муддао бўларди. Аммо, яна бир бор такрорлайман, барча масала сўнгги турда ҳал бўлади», дея қайд этиб ўтди Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов.
Сўнгги, 6-тур учрашувлари 14 март, чоршанба куни бўлиб ўтади. Шу куни Австралия олимпиячилари ўз майдонида Ироқни қабул қилса, Ўзбекистон Тошкентда БАА олимпия терма жамоасини меҳмон қилади.
Ироқ олимпия терма жамоаси бош мураббийи Розий Суадий Ўзбекистонга қарши ўйиндан кейинги матбуот анжуманида унинг шогирдлари ғалабага ҳақлироқ бўлганликларини қайд этиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, Ироқ ҳамда Ўзбекистон олимпия терма жамоалари ўртасидаги Олимпиада-2012 3-саралаш босқичи 5-тур учрашуви майдон эгаларининг 2:1 ҳисобидаги иродали ғалабаси билан якунига етди.
«Биз Осиёнинг энг кучли жамоаларидан бирига қарши майдонга тушдик ва ҳақли равишда ғалаба қозондик», деди Суадий.
«Ироқ Олимпиада ўйинлари йўлланмаси учун курашдан чиқиб кетган бўлса-да, биз ишқибозларга аслида ким эканлигимизни кўрсата олдик. Ушбу ғалабани ФИФА биздан ғалабани олиб қўйиб, имконсиз бир аҳволда қолдирганида ҳам қўллаб-қувватлаб турган ишқибозларимизга бағишлаймиз», дея қўшимқа қилди Ироқ олимпия терма жамоаси бош мураббий Розий Суадий.
Сўнгги, 6-тур учрашувлари 14 март, чоршанба куни бўлиб ўтади. Шу куни Австралия олимпиячилари ўз майдонида Ироқни қабул қилса, Ўзбекистон Тошкентда БАА олимпия терма жамоасини меҳмон қилади.
***
Ўзбекистон олимпия терма жамоаси делегацияси 22 февраль куни, Тошкент вақти билан 11:30да Қатардан Бирлашган Араб Амирликларига йўл олади.
Жамоа у ерда 25 февралга қадар бўлади ҳамда бу йиғин доирасида Лондон-2012 Олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритиб бўлган Миср олимпия терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушади. Ушбу баҳс 24 февраль куни ўтказилиши режалаштирилган.
Айни вақтда, жамоа бош мураббийи Вадим Абрамов ҳамда делегациянинг бир қатор аъзолари, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Жанубий Кореяга қарши ўртоқлик учрашувида иштирок этиш учун Сеулга йўл олишади. Шу сабаб Мисрга қарши учрашувда олимпиячиларга Марат Мифтахутдинов ва Тоҳир Кападзе устозлик қилади.
БААдаги йиғинлар якунига етганидан сўнг, олимпиячилар бир неча кунга Тошкентга қайтишади. Шундан сўнг навбатдаги — Туркия йиғинига йўл олинади. Кичик Осиёдаги йиғин 29 февраль – 9 март кунлари оралиғида бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, Олимпиада-2012 3-саралаш босқичи сўнгги учрашувини Ўзбекистон олимпия терма жамоаси футболчилари БААлик тенгқурларига қарши ўтказишади. Ушбу баҳс 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтади.
Манба: http://the-uff.com/



