Мураббийлар: Узоқ кутилган қайтиш
Ўтган ҳафтада «Анжи» футболчиларига голландиялик мутахассис Гус Хиддинк бош мураббий сифатида таништирилди. Унинг Россияга қайтиши ҳаддан зиёд сир тутилдики,
ҳатто «СЭ» мухбири «Внуково-3» аэропортига бориш ҳақида муҳаррирдан топшириқ олгандан кейингина ким билан учрашиши ва суҳбатлашишидан бохабар бўлди.
Аэропорт биносида газета мухбирига кўзи тушган Хиддинк ҳазиллашиб, юзини костюми билан бекитишга уринди. Кейин эса одатдагидек иссиқ қаҳва тафтида қизғин суҳбат кечди.
- Гус, Россияга хуш келибсиз-2!
- Нега бунчалик махфий?
- О, менинг ғоям эмас. Ўйлайманки, бу «Анжи» вакилларининг шунчаки, кичик «ўйинлари». Менга айтишди, рози бўлдим. Кеча Герман Ткаченко айнан шундай йўл тутишни лозим топишганини тан олди.
- Терма билан хайрлашганингиздан кейин биринчи марта Россияга келишингиз. Шундайми?
- Ҳа. Термадан кетганимдан буён менга жуда яқин бўлиб қолган мамлакатга келолмаганим афсусланарли. Мана, узоқ кутилган қайтиш амалга ошди!
Россия термасидан кетганимдан сўнг Туркиядан таклиф тушди ва у ерда ишлай бошладим. Ўтган йил ноябрь ойида эса Туркия футбол федерацияси билан муносабатларимизни узиш ҳақида келишдик. Шундан бери бекорчиман, фаолиятимдаги узоқ муддатли танаффус чоғида анча зерикиб қолгандим.
- «Анжи» билан ўзаро музокаралар тарихи ҳақида гапириб беролмайсизми? Ўтган йилнинг охирларида бўлиб ўтган музокаралардаёқ барча масалаларда келишувга эришилганди, гўё...
- Аниқ санаси эсимда йўқ, аммо Туркия билан хайрлашганимдан сўнг ноябрь ойида менга илк марта таклиф билан қўнғироқ қилишди. Шунда «Яхши, келинглар, гаплашиб оламиз», дедим. Герман Ткаченко Амстердамдаги уйимга борди ва унга ўз ғояларим, «Анжи»ни қандай тасаввур қилишим ҳақида гапириб бердим. Яқин-яқингача Европада бу клубни билишмасди. «Анжи» ўтмиш эмас, келажак клуби. Ҳозир Сулаймон Керимов клубни астойдил қўллаб-қувватлаяпти. Аммо кеча «Анжи» хўжайини билан гаплашганимиздек, иш биринчи жамоа ва унинг вазифалари билан чегараланиб қолмайди. Клуб фақат, Это~О, Роберто Карлос ва бошқа топ-футболчиларгагина боғланиб қолмаслиги керак!
Ҳа, режалар улканлиги - ажойиб, лекин менга тор доирадаги муваффақиятдан четга чиқиш қизиқарли. Фикримча, футбол ишқибозларига наинки, қувонч улашиш, балки одамларга имконият бериши керак. Айнан ҳудудда футболнинг умумий ривожланишини таъминлаб, бунга эришиш мумкин. Шу боис «Анжи» раҳбарларига маслаҳат солдим: «Сизлар улкан мақсадларни кўзлаган жамоа тузишдан-да катта ишларни амалга оширишларинг зарур».
- Албатта. Ткаченко билан анчадан буён танишмиз, у фикримни қўллаб-қувватлади.
- Қандайдир ҳужжатларга имзо чекдингизми?
- Йўқ-йўқ. Мен учун имзоланган шартнома муҳим аҳамият касб этмайди - асосийси, шахсий келишувларга эришиш. Лекин клуб бошқача қараш ва стратегияни танлаган бўлса - бу унинг иши.
Менга дунёнинг турли бурчаклари - Мексикадан тортиб, Хитойгача бўлган ҳудудлардан таклифлар тушди. Бир қарорга келишим учун 2 ой танаффус қилдим. Бу орада «Анжи»дан янги чорлов бўлди: «Биз сен билан яна гаплашмоқчимиз». Россияликларни кўп йиллардан буён яхши билганим учун улар билан музокараларни бошлашни маъқул кўрдим.
- Нега шартнома муддати унчалик узоқ эмас - атиги бир ярим йил?
- Агар томонлар бир-бирларидан қониқиш ҳосил қилсалар, расмий ҳужжатлар иккинчи даражага тушиб қолади. Ҳар бир мавсумдан сўнг томонлар ўтган даврдаги фаолиятларини таҳлил қилиб, баҳолашади ва келгуси режаларни тузиб чиқишади. Агар қандайдир ўзаро келишмовчиликлар юзага келса, муносабатлар барҳам топади. ПСВда ишлаганимда ҳар доим 1 йиллик шартнома имзолардим. Якунда у ерда икки марта 6 йилдан фаолият юритдим.
Албатта, расмий ҳужжатларсиз иш битмайди. Лекин муҳими, ўзаро муносабатлар, бир-бирини тушуниш... «Анжи» билан ҳам худди шу омилга таяниб иш тутдим.
- Хитой клубларидан бири махачқалъаликлардан икки ҳисса кўп маош таклиф қилгани бор гапми?
- Биринчидан, ёшим бироз ўтиб қолганига қарамай, аввалгидай куч-қувват, нуфузга эгаман. Иккинчидан, пул сабаб ҳар нарсага бош суқавермайман. Менга биринчи навбатда ишлашим учун шароит ва мажбурият, атрофимдаги кишилар ҳамда жараёндан роҳатланиш қизиқарли. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, хитойликларнинг пул масаласидаги таклифлари унчалик аҳамият касб этмади. Қолаверса, уларнинг чорловлари жиддий эмасди. Мен бошқа йўлни танладим.
- «Анжи» билан шартнома тузиш пайтида Керимов билан нималар хусусида суҳбатлашдинглар?
- Бу бизнинг биринчи учрашувимиз эди, олдинлари таниш эмасдик. Термада ишлаганимда, уни жамоага ёрдам берганидан хабарим бор эди, холос. Фаолиятим давомида футбол дунёсининг кўплаб турли-туман кишилари билан танишишимга тўғри келган. Аммо менга Керимовнинг йўли, қизиқувчанлиги, ўзини юқори тутмаслиги ёқди.
- «Анжи»нинг бош юлдузи - Это~Они яқиндан танийсизми?
- Ҳа. «Реал»да бош мураббий бўлиб ишлаганимда, у 17 ёшли йигитча сифатида клубга келганди. Рауль, Йерро, Санчес, Редондо каби юлдузлар қаторида Самуэль энди-энди фаолиятини бошлаганди. Мен кетганимдан сўнг клуб уни «Мальорка»га ижарага бериб юборди. Шундан кейин «Қироллик клуби»га бошқа қайтмади. Умуман олганда, танишлигимизни ижобий маънода баҳоласа бўлади. Ўтган даврда Самуэлнинг футболчилик фаолияти ва шахсий ҳаётида катта ўзгаришлар рўй берди.
- Роберто Карлос эса Керимовга жуда яқин ва клуб ички ҳаётида муҳим роль ўйнайди. Бу иккиёқлама вазиятга қандай баҳо берасиз - ҳар ҳолда, у футболчи...
- Ҳар қандай вазиятдан чиқишнинг оддий йўли бор: одамлар билан мулоқотда ростгўй ва ҳалол бўлиш. Ҳозир мен клуб билан муносабатда шуни ҳис қиляпман. «Реал»ни бошқарганимда, Карлос билан бирор марта фикримиз айро бўлмаган, биргаликда Қитъалараро кубокни қўлга киритганмиз. Роберто билан гаплашишга улгурдим. Унга «Анжи»даги ҳозирги роли ёқади. Футболчилик масаласига келсак... Жамоа қизиқишларидан келиб чиқиб, Роберто билан бир қарорга келамиз, албатта.
***
«Анжи» Гус Хиддинк билан 1,5 йиллик шартнома имзолади. Унга кўра, голландиялик мутахассис йилига 10 миллион евро миқдорида маош олади. Эътиборлиси, у фақат мураббий вазифасини бажармайди, балки яна вице-президент лавозимида ҳам ишлайди. Мураббийлик ишида Гусга Тон ду Шатинье, Желько Петрович ёрдам беришади. Шунингдек, Игорь Корнеев ёки Россия термаси мураббийларидан бири - Александр Бородюкнинг «Анжи»га ўтиши кутилмоқда.



