Азамат АБДУРАИМОВ: «ВАЗИФАНИ ОЛИМПИЯЧИЛАРСИЗ ҲАЛ ҚИЛАМИЗ»
14 февраль куни Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида ёшлар (U-22) терма жамоалари ўртасидаги Осиё чемпионатининг саралаш баҳсларига қуръа ташланди. Хабарингиз бор, ОФК томонидан айнан шу ёш тоифасида илк маротаба ташкил этилаётган қитъа
чемпионатида Алексей Евстафеев бошчилигидаги ёшларимиз юртимиз шарафини ҳимоя қилишади. Қуръа натижасига кўра, терма жамоамиз «D» гуруҳидан жой олди. Вакилларимиз Осиё чемпионатининг финал босқичига бериладиган икки йўлланма йўлида нисбатан қулай рақиблар - Яман, Непал, Иордания ва Бангладеш терма жамолари билан баҳс олиб боришади. Биз қуръа натижалари, ёшларимизнинг имкониятлари, саралаш баҳсларига кўриладиган тайёргарлик ва яна бир қатор масалалар юзасидан Ўзбекистон ёшлар (U-22) терма жамоаси катта мураббийи Азамат Абдураимовдан интервью олдик.
- Қолган гуруҳлардан фарқли равишда бизнинг гуруҳга олтита эмас, бешта жамоа тушди, - дея сўзларини бошлади терма жамоамиз катта мураббийи. - Бизга нисбатан енгил гуруҳ насиб қилди, деган фикрга унчалик ҳам қўшилмайман. Тўғри, рақибларимизнинг номи жарангдор чиқмаслиги мумкин. Лекин кичик ёш тоифаларида номлар ҳеч нарсани англатмайди. Мисол учун, Саудия Арабистонининг кичик ёшдаги жамоалари сўнгги бор қачон Осиё чемпиони бўлди? Бундай мисолларни қитъанинг бошқа гранд терма жамоалари тимсолида ҳам кўриш мумкин. Миллий терма жамоа кўрсатаётган натижага қараб баҳо бериш тўғри эмас, назаримда. Гуруҳимиздаги рақиблар орасида Яман ва Иордания термалари кучлироқ кўриняпти. Яманликлар Лондон-2012 Олимпиадасининг 2-саралаш босқичида Австралияга ҳар икки ўйинда ҳам имкониятни бой бериб, баҳслардан чиқиб кетишганди. Иордания футболида юксалиш кузатилмоқда. Бизнинг энг катта ютуғимиз бу ёш тоифасида яхши шаклланган жамоага эга эканлигимиз. Марат Кабаев бош мураббийлигидаги 1991 йилда туғилган футболчилардан таркиб топган терма жамоа икки йил олдин Осиё чемпионатида чорак финалга қадар етиб борганди.
- Терма жамоамизнинг тайёргарлик режаси ишлаб чиқилдими?
- Ҳа, албатта. Илк йиғинимиз 24-27 февраль кунлари бўлиб ўтади. ЎФФ сунъий қопламали майдонида машғулотларни ўтказамиз. Бўлажак йиғинга 23 нафар футболчини таклиф қилдик. Таркиб оптимал ҳолатда эмас. Терма жамоамизга номзод айрим футболчилар БААда олимпиячилар сафида Ироққа қарши ўтказиладиган муҳим ўйинга тайёргарлик кўришяпти. 2010 йили Кабаев жамоасида бўлмаган футболчиларни ҳам таклиф қилганмиз. Бу ёш тоифасида истеъдодлар жуда кўп. Икки ой давомида селекция ишларини олиб бордим. Олий лига жамоалари бош мураббийлари билан алоқалар ўрнатилган. Уларнинг тавсиялари билан Алексей Евстафеев иккимиз 50 нафардан зиёд футболчиларнинг ўйинларини кузатдик. Биргина ўйин билан чекланиб қолмаяпмиз. Бир футболчига реал баҳо бериш учун битта баҳс камлик қилади. Камида 3-4та ўйинни кўрдик. «Насаф» жамоаси аъзолари Элдор Суюнов, Шоҳруҳ Гадоев, «Шўртан» жамоасидан Шодмонов, «Бунёдкор»нинг мавсумолди йиғинларида ўзини ижобий томондан кўрсатаётган Алибобо Раҳматуллаев каби футболчилар мураббийлар штабида жуда илиқ таассурот қолдиришди. Исроил Эргашев «Олмалиқ» жамоасининг етакчи футболчиларидан бирига айланди. Нафақат Исроил, балки бошқа ўйинчиларимиз ҳам ўз клубларининг асосий таркибида майдонга тушиб, катта тажриба тўплашяпти. «Навбаҳор» жамоасида ўзини ҳар томонлама кўрсатаётган Азим Аҳмедовга катта умид боғлаяпмиз. Одилнинг укаси майдон марказида яхши ўйин кўрсатмоқда. «Машъал» жамоасида иқтидорли ўйинчилар талайгина. Фурсатдан фойдаланиб, Владимир Фомичевга миннатдорчилик билдираман. «Машъал» бош мураббийи ёшларга кенг имкониятлар эшигини очиб беряпти. Қўрқмасдан асосий таркибда майдонга туширмоқда. Айрим ўйинчилар 18, айримлари 20 ёшда ўз истеъдодларини намоён қилишади. Мисол учун, Миржалол Қосимов 17 ёшидаёқ ўз истеъдодини кўз-кўз қилган. Шу боисдан, селекция ишларини бир зумга ҳам тўхтатмаймиз. Илк йиғинимизга «Локомотив», «Андижон», «Шўртан», «Машъал» жамоаларидан номзод футболчиларни таклиф қила олмадик. Номлари тилга олинган клублар айни пайтда хорижда ўқув-машғулот йиғинларини ўтказишмоқда. Уларни клубларидан чақириб олиш мантиқан тўғри эмас.
- Қисқа фурсатга ташкил этилаётган йиғин доирасида назорат ўйинлари ўтказиладими?
- Иккита жамоа билан оғзаки келишувга эгамиз. Режага кўра, 26 февраль куни «Қизилқум», 27-санада «Пахтакор» жамоаси билан ўртоқлик учрашувлари ўтказишни мўлжаллаб турибмиз.
- Кейинги режалар қандай?
- Режага кўра, иккинчи йиғинимиз март ойида бўлади. Хозирча аниқ кунларини белгиламадик. Ҳар ҳолда чемпионат бошлангунига қадар ўтказиб оламиз. Бу йил миллий биринчилигимиз баҳслари 15 март куни бошланади. Тахминан 10 мартгача йиғинни ўтказиб олишимиз керак. Кейин хорижда ҳам ўқув-машғулот йиғинини ташкил этиш режага киритилган. Бу борада ЎФФ ва Терма жамоалар маркази барча ёш тоифасидаги жамоаларимизга жуда катта ёрдам бериб келяпти.
- Терма жамоамизнинг қайси чизиқлари кучайтирилишга муҳтож?
- Кенгайтирилган таркибимиздан 50 нафар футболчи ўрин олган. Ўтказиладиган иккита йиғиндан сўнг биз 20 нафар футболчини танлаб олиб, улар билан тайёргарликни давом эттирамиз. Саралаш баҳсларининг июнь ойида ўтказилишини инобатга олсак, унгача таркибни аниқлаб оламиз.
- Агар олимпия терма жамоамиз Лондон-2012 финал босқичига чиқадиган бўлса, у ҳолда саралаш баҳсларида Абрамов жамоасидаги номзод футболчиларнинг хизматидан фойдалана олмаслигингиз мумкин. Бу ҳолат сиз ва мураббийлар штабини ташвишга солмаяптими?
- Йўқ. Олимпия терма жамоамиз сафида терма жамоамизга номзод 5-6 нафар футболчи бор. Лекин биз уларни безовта қилмоқчи эмасмиз. Юқорида айтдим, бу ёш тоифасида иқтидорли футболчилар талайгина. Бош мураббий билан келишган ҳолда финал босқич йўлланмасини олимпия терма жамоасидаги футболчиларсиз қўлга киритишга ҳаракат қиламиз. Биз учун биринчи галда олимпиячиларимизнинг Лондон-2012 чиптасини қўлга киритишлари муҳим. Ўзбек футболининг 100 йиллик тўйи кенг нишонланадиган жорий йилда Олимпиада йўлланмаси юртдошларимиз учун ажойиб совға бўларди.
- Саралаш баҳсларига қайси мамлакат мезбонлик қилиши ҳали маълум эмас. Мураббийлар штаби учун бу нарса қанчалик муҳим?
- Биз учун саралаш ўйинларининг қайси давлатда ўтиши унчалик катта аҳамиятга эга эмас. Одатда ОФК гуруҳдаги жамоалар орасидан, уларнинг салоҳияти, яратилган шароитларига қараб мезбон мамлакатни аниқлайди. Агар жамоалардан садо чиқмаса, гуруҳ ўйинлари нейтрал майдонда ташкил этилади. Бундай ҳолатларда Малайзия нейтрал мамлакат вазифасини бажариб беради. Агар гуруҳимиз ўйинлари Тошкентда ўтса, ажойиб иш бўларди. Тайёргарликни ўз юртимизда ўтказардик. Балки ЎФФ бу борада ОФКга мурожаат қилар. Умуман олганда, биз исталган рақиб майдонида ўйнашга тайёрмиз. Ўз олдимизга нафақат финал бос-қичи йўлланмасини қўлга киритиш, балки Осиё чемпионатида ҳам муваффақиятли иштирок этиш вазифасини қўйганмиз.
- Шу пайтгача клубларда ишладингиз. Терма жамоада ишлаш қийинчилик туғдирмаяптими?
- Клуб ва терма жамоада ишлаш ўртасида катта фарқ бор. Терма жамоадаги масъулият катта бўлади. Лекин менда терма жамоа билан ишлаш тажрибаси бор. 2003 йили Ўзбекистон футзал терма жамоасига мураббийлик қилгандим. 20-21 ёшли футболчилар билан ишлаш мароқли бўляпти. Бу борада Алексей Евстафеев билан ҳамкорликда ишлаяпмиз. Рустам Акрамов, Асқар Толибжоновлар қўллаб-қувватлашяпти. Улардан кўп нарсани ўргандим.
- БАА ва Ироқ олимпия терма жамоалари ўртасидаги машмашадан сўнг ФИФА асосий рақибимиз амирлик футболчиларига техник ғалабани тақдим этди. Ироққа эса аксинча, мағлубият ёзилди. Бу ҳолат футболимиз жамоатчилиги учун кутилмаган ҳолат бўлди. Шахсан сиз буни қандай қабул қилдингиз?
- Ҳақиқатан ҳам бу кутилмаган «сов-ға» бўлди. Орадан икки ярим ой ўтгандан кейин қарор қабул қилиш ғалати туюляпти. Жуда тушунарсиз ҳолат. Бу мавзуда Евстафеев билан ҳам узоқ гаплашдик. Менимча, фақат Осиёга хос бундай кулгули ҳолатларга эътибор қаратмаслик лозим. БААга уч очко ва учта гол ҳадя қилинган бўлса-да, имкониятларимиз ўз қўлимизда сақланиб қолди. 21 февралда Ироқ термаси билан ўйинда ижобий натижага эришиб, 14 март куни Тошкентда бўладиган муҳим учрашувда амирлик жамоасини мағлубиятга учратсак, ФИФА ҳам, БАА ҳам қилган ишидан уялиб қолаверади. Уларни шу йўл билан жазолаш керак.
- 18 февраль куни «Нефтчи» жамоаларимиз орасидан биринчи бўлиб, ОЧЛдаги иштирокини бошлайди. Бир ўйиндан иборат «плей-офф» босқичидаги фарғоналикларнинг имкониятларини қандай баҳолайсиз?
- Очиғини айтсам, «Нефтчи» жамоасининг бу йил ҳисобидан ҳали бирорта ўйинини кўрмадим. Шу боисдан, бу мавзуда фикр билдиришга қийналаман. Ке-йин баҳс рақиб майдонида бўлиб ўтади. «Ал-Шабаб» жуда кучли жамоа. Бу клуб таркибида ҳамюртимиз Азиз Ҳайдаров ўйнайди. Жавоб ўйинининг йўқлиги мени ташвишга соляпти. Юрий Саркисян бу сафар ҳам ўз анъанасига содиқ қолган ҳолда мавсумда легионерларсиз қатнашишни лозим топди. Шахсий фикрим, бу нотўғри қарор. ОЧЛдек нуфузли мусобақада катта тажрибага эга легионерларнинг фойдаси кўпроқ тегарди. Саркисян тажрибали мураббий. Унинг қарорини муҳокама қилмайман. Балки у ҳақдир. Ҳар қандай ҳолатда ҳам «Нефтчи»га омад ёр бўлишини тилаб қоламан.
- Қолган жамоаларимизнинг имкониятлари ҳақида нима дейсиз?
- Ўзбекистондан бир йўла 4та жамоанинг ОЧЛ баҳсларига қўйилиши бу ўзбек футболи учун берилган имконият. ОФКнинг бу ишончини оқлаш лозим. Шу пайтгача фақат «Пахтакор», уч йилдан бери эса «Бунёдкор» жамоаси лигада Ўзбекистон номидан иштирок этишарди. Бу йил бу сон тўрттага етди. «Бунёдкор» жамоаси янги мавсумда ҳам Ўзбекистон чемпиони сифатида ОЧЛ баҳсларида иштирок этади. Қуръа «қалдирғочлар» учун бироз омадсиз келди. Вакилларимиз анча кучли саналган қитъамизнинг шарқ минтақаси жамоалари билан бир гуруҳдан жой олишди. Қуръанинг кўзини кўр дейишади. Бир томондан кучли клублар билан бир гуруҳга тушгани ҳам яхшиликкадир. Чунки айнан шундай гранд жамоалар билан ўйинда футболчиларнинг савияси ошади. Тўғри, очко олиш, ғалаба қозониш осон бўлмайди. Лекин клубнинг ўйини ҳам шунга яраша кучайиб боради. Маҳаллий ёшлар кучли жамоаларга қарши ўйинларда ўзларини кўрсатиш имкониятига эга бўлишади. Япония ва Жанубий Корея клублари қитъада етакчи саналишади. Аммо бу йилги мавсум ўйинлари шуни кўрсатдики, ғарб минтақаси жамоалари ҳам уларга тенглашиб олишди. Баъзи жиҳатларда ўзиб ҳам кетишди. Фикримга «Ал-Садд» клубининг ОЧЛ-2011да ғолиб чиққанлиги исбот бўла олади. Корейсларнинг бир йўла икки жамоаси мағлуб этилди. ОФК кубогида ҳам ғарб минтақаси жамоаси бош мукофот соҳибига айланди. «Насаф» жамоаси Осиёнинг нуфузи жиҳатидан иккинчи ўринда зикр этилувчи кубогини Қаршида олиб қолди. Демак, икки минтақа футболи ўртасидаги тафовут деярли йўққа чиқди. Араб клубларида ҳам тажрибали, дунё футболида ўз ўрнига эга легионерлар тўп суришяпти. Тўғри, тезлик бобида шарқликлар бироз устун. Лекин сезиларли даражада юқори эмас. Назаримда, бу қуръани мухлисларимиз учун фойдали бўлди, дейиш мумкин. Шу пайтгача араб жамоалари Тошкентга ташриф буюрган бўлса, энди ҳамюртларимиз Осиёнинг кўзга кўринган клублари ва улар сафида тўп сурадиган юлдузларнинг ўйинларидан баҳраманд бўлишади. «Пахтакор»га келсак, бир пайтлар ўзим ўйнаган жамоанинг имкониятларини юқори баҳолайман. Клуб сербиялик янги бош мураббий қўл остида мавсумга тайёргарлик кўряпти. ОЧЛда мунтазам иштирок этиб келаётган қитъанинг ягона жамоаси ҳам айнан «Пахтакор» бўлиб турибди. Уларда бой тажриба бор. Кейин қуръа ҳам уларга омадли келди. Учинчи жамоамиз «Насаф» ҳақида фикр билдиришга бироз қийналаман. Тўғри, қаршиликлар ўтган йили ОФК кубогини қўлга киритиш орқали ўз номларини тарихга битишди. Бу ғалабадан сўнг «Насаф» Осиёда ўз ўрни борлигини маълум қилиб қўйди. Лекин ОЧЛ ва ОФК кубоги ўртасида катта тафовут бор. Агар селекция ишлари яхши олиб борилса, бу клубимиздан ҳам катта ғалабаларни кутсак бўлади. Рўзиқул Бердиев «Насаф» жамоасининг янги бош мураббийи этиб тайинланди. Рўзиқул Анатолий Демьяненконинг ёнида катта тажриба тўплади. Орттирилган бу тажриба янги мавсумда асқотиши тайин. Барча жамоаларимизга омад ёр бўлсин. Улар ўзбек футболи мухлисларини чиройли ғалабалари билан хушнуд этишларини тилаб қоламан.



