Жасур Ҳасанов: «ОРЗУМИЗ АЛБАТТА УШАЛАДИ»
Вадим Абрамов бошчилигидаги Ўзбекистон олимпия терма жамоаси аъзолари Лондон-2012 саралаш баҳсларининг 3-босқичи доирасидаги муҳим учрашувга тайёргарлик кўриш мақсадида 1 февралдан машғулотларни бошлаб юборишган.
Айни пайтда жамоа аъзолари «Ўзбекистон» меҳмонхонасида истиқомат қилишмоқда. Олимпиячиларимизнинг навбатдаги маш-ғулотларидан бири ўз ниҳоясига етгач, жамоа етакчиларидан бири Жасур Ҳасанов билан якунланган хориж йиғини ва 5 февраль куни «яшил қитъа» вакилларига қарши кечадиган ўйин борасида суҳбат уюштириб, унинг фикрларига қулоқ тутдик.
- Таъкидлаш жоизки, Қувайт ва БААдаги ўқув-машғулот йиғинлари жуда самарали ўтди, - дея гап бошлади суҳбатдошимиз. - Мураббийларимиз мени барча баҳсларда майдонга туширишди. Тўғри, ҳамма ўйинларда ўзимиз хоҳлаган натижаларга эришолмадик. Лекин ўша учрашувларда миллий ва олимпия терма жамоаларимиз футболчиларидан иборат аралаш таркиб ҳаракат қилганлигини ҳам унутмаслик керак.
Йиғин давомида бўлиб ўтган баҳслар борасида тўхталадиган бўлсам, Қувайтдаги майдоннинг ҳолати унчалик яхши эмаслиги боис, имкониятимиз даражасида тўп суролмадик. Бу эса ўйинимизга салбий таъсирини ўтказди ҳамда мезбонлардан мағлубиятга учрадик (0:1). Дубайдаги майдонларнинг ҳолати эса аъло даражада экан. У ерда Dubai matchworld cup-2012 мусобақасида иштирок этиб, 2-ўринни эгалладик. Ушбу турнир давомида «Шахтёр» (Донецк, 1:1, пен.бў-йича-6:5), «Ростов» (Ростов-дон, 1:0) ва «Зенит» (Санкт-Петербург, 0:5) каби таниқли жамоаларга қарши майдонга тушиб, анча тажрибамизни оширишга муваффақ бўлдик. Тўғри, ҳал қилувчи финал баҳсида питерликлардан йирик ҳисобда мағлубиятга учрадик. Бироқ ўша учрашувнинг дастлабки дақиқасидаёқ майдонда камчилик бўлиб қолдик. Айнан шу нарса руҳиятимизга салбий таъсир кўрсатди. Натижада унчалик ўйинимиз қовушмай, учрашувнинг иккинчи бўлимида ўз дарвозамиздан яна тўртта тўп олиб чиқишга мажбур бўлдик. «Динамо» (Москва, 0:2) клуби ва БАА (0:1) терма жамоасига қарши баҳслар ҳам ажойиб тарзда ўтди. Москваликлар билан бўлган баҳсда ҳам бир киши кам ҳолда тўп суришга мажбур бўлдик. Бундан ташқари, учрашув мобайнида Отабек Қиличев пенальтини аниқ амалга оширолмади. Акс ҳолда, ҳисоб бошқача кўриниш олиши мумкин эди. БАА миллий терма жамоаси бўлган ўйинда учрашув тақдирини биргина гол ҳал этди. Исмоил Матар жамоамиз дарвозаси томон белгиланган жарима зарбасини ажойиб тарзда амалга ошириб, гол уришга муваффақ бўлди.
Хориж йиғинидаги айрим баҳсларда мағлубиятга учраган бўлсакда, бу бизга кейинги ўйинларимизда асқотиши аниқ. Кўпчилик мухлислар клублар билан ўйнаганимиз учун терма жамоамизнинг обрўсига путур етишидан чўчишмоқда. Менимча, Европа Чемпионлар Лигасида кўп маротаба иштирок этган «Шахтёр» ва «Зенит», Россия премьер-лигасининг кучли клублари бўлмиш «Динамо» ҳамда «Ростов» каби клубларга қарши ҳар доим ҳам майдонга туша олмайсиз. Бу тажрибамизнинг ошишига ёрдам бериши аниқ.
Айни пайтда бутун эътиборимиз 5 февраль кунги баҳсга қаратилган. Худо хоҳласа, ўша учрашувда австралияликларни мағлубиятга учратиб, Олимпиада ўйинлари сари яна бир қадам ташлаймиз, деб умид қиламан. Энди очко йўқотишга ҳаққимиз йўқ ва буни барчамиз ҳис қилиб турибмиз. Бундан ташқари, Лондон - 2012 йўлланмасини қўлга киритадиган бўлсак, барчамизнинг номимиз тарихда қолади. Буни амалга ошириш учун эса қўлимиздан келганича ҳаракат қиламиз. Мақсадимиз миллионлаб мамлакатимиз мухлисларининг орзуларини амалга ошириш.
Давоми бор. Мазкур суҳбат давомини ҳамда бошқа қизқиарли мақолаларни газетамиз-"ИнтерФУТБОЛ"нинг 3 февраль жума сонида ўқишингиз мумкин.



